Шу йилнинг 18 июнь куни Нукус шаҳридаги Президент мактаби битирувчиларининг сўнгги қўнғироқ тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни Президент мактаби директори Н.Балтабаева кириш сўзи билан очди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг Давлат мадҳиялари янгради.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, мактабнинг дастлабки битирувчиларини, уларнинг устозлари ҳамда ота-оналарини қизғин қутлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Президент мактабларини ташкил этиш ва уни Нукус шаҳридан бошлаш ҳақидаги таклифни илгари сурган эди. Ушбу мактабларни ташкил этишдан асосий мақсад, таълим жараёнига илғор технологияларни жорий этиш орқали иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш, рағбатлантириш ҳамда келажакда уларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Мактабда STEAM дастуридаги фанлар Cambridge International дастури асосида инглиз тилида, маҳаллий фанлар Ўзбекистон таълим дастури асосида давлат тилида олиб борилади. Ўқувчиларга 8 нафар хорижий ҳамда 25 нафар маҳаллий ўқитувчилар таълим бермоқда. Тадбирда битирувчиларга сертификатлар, махсус статуэтка, ота-оналарига ташаккурномалар топширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий ўқув йилини 24 нафар ўқувчи битираётган бўлса, уларнинг деярли барчаси АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Қирғизистон, Швейцария, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Австралия ва бошқа давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларига кириш бахтига муяссар бўлди. Буларнинг барчаси Президентимиз томонидан қобилиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида яратиб берилган имкониятлар самарасидир.
-Ўқувчининг пухта билим олиши учун қандай шароит керак бўлса, бу ерда барчаси мавжуд,-дейди Президент мактаби битирувчиси Нурхат Жумабаев. –Ўз ихтиёримга кўра, компьютер сайнс, физика, математика йўналиши бўйича таълим олдим. Ўқиш баробарида дунёнинг энг нуфузли 17 та олий ўқув юртига ўқишга топширган бўлсам, шундан АҚШ нинг 6 та, Буюк Британиянинг 4 та олий ўқув юртига қабул қилиндим. Эндиликда, АҚШнинг Аризона университетида ўқимоқчиман. Чунки, бу ердаги таълим жараёни мени қаноатлантиради.
Мактаб битирувчиларидан Дамир Мирзабаев, Бийбимарям Жолдасбаева, Нурбек Юлдашев, ота-оналар номидан Алтингул Алиева, Муслима Сапарниязова, Муҳаббат Қучқаровалар сўзга чиқиб, ёшларнинг билим олиши йўлида яратиб берилаётган шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
— Президент мактаби ўқувчиларининг билим олишга бўлган иштиёқи юқори, — дейди хорижий ўқитувчилардан бири Лерато Машелоний. — Ўқишга топширишда рақобат кучлилигидан уларнинг орасидан энг билимлилари саралаб олинди. Келажакда бу ўқувчилар дунёнинг хоҳлаган олий ўқув юртида билим олиш имкониятига эга.
Тадбир сўнггида ашула ва рақслар ижро этилиб, турли танловларда фаол иштирок этган ўқувчилар муносиб тақдирланди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.



