ТАРҒИБОТЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАР


Мана, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги ҳам кун, соат, дақиқа сайин яқинлашиб бормоқда.

Биз, бир гуруҳ ижодкорлар Ўзбекис­тон Республикаси Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи К.Реймов, “Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири Н.Матякубова, “Еркин Қарақалпақстан”, “Вести Каракалпакстана” газеталари бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Қ.Байниязов, “Амударё ” журнали бош муҳаррири Х.Даўлетназаров, “Жеткиншек” газетаси бош муҳаррири З.Исаковалар мустақиллигимизнинг 30 йиллиги ҳамда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан республикамиз туманларида бўлиб, тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштирок этдик.

Бундан кўзланган асосий мақсад, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги  қароридан келиб чиққан ҳолда жойларда бўлиб, имкон қадар аҳолининг барча қатламлари вакилларини қамраб олган ҳолда мустақиллик йилларидаги, айниқса кейинги тўрт-беш йилдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритиш, одамлар билан мулоқот қилишдан иборат бўлди. Шунингдек, тадбирлар доирасида аҳоли орасида китобхонлик, газетхонликни кенгайтириш, барча ёшдаги инсонларда мутолаа маданиятини оширишга кўмаклашиш, шу баробарда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги, юксак маънавиятли, ижтимоий фаол инсоннинг шаклланишдаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Элликқалъа тумани марказидаги Маданият саройи боғида ижод ва маданият масалалари бўйича тарғиботчилар билан ўтказилган қизиқарли суҳбатда ёшларимизнинг маънавияти, онг-тафаккурини янада юксалтириш учун тарғибот ишларини тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган тарғиботчилар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, ўзлари фаолият юритаётган мактаб ўқувчиларининг ижодий ишлари билан таништирди.

Газета-журналлар муҳаррирлари ўз навбатида ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

Шу каби учрашувлар Беруний, Тўрткўл, Амударё, Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Ш.Пахратдинова,

“Қарақалпақстан жаслары” газетаси бош муҳаррири.