Нукусда ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати очилди


????????????????????????????????????

Мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ёшларимиз халқимизнинг бой маънавий-маърифий меросини, зукколиги, меҳнатсеварлиги, ватанпарварлик каби яхши туйғуларни ўзида жамлаган ҳолда жамиятимизда муносиб ўрин эгалламоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўқувчиларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шароит, шу жумладан, ўқувчиларнинг ўз устида якка тартибда ишлаши ва қўшимча билим олиши учун имкониятлар яратилган. Мазкур мактаб-интернатида таълим олувчи ўқувчилар халқаро, республика миқёсида ўтказилиб келинаётган кўрик-танловлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ҳозирги кунгача мактабда таълим олаётган ўқувчиларнинг аксарияти Нукус шаҳридан эди. Республикамизнинг бошқа туманларидан санъат соҳасига қизиқувчи иқтидорли болаларни аниқлаш ва уларни қамраб олиш, шунингдек, туманлардан иқтидорли болалар ва уларнинг ота-оналари томонидан билдирилган мурожаатларини ижобий ҳал этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг фармойиши ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг тегишли буйруғига асосан 2021/2022 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати сифатида қайта ташкил қилинди. Мактаб-интернати учун қурилган ўқув биноси 330 нафар, турар жойи 100 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, бу йилги ўқув йилида 250 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

— Ўқув юртимиз Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги санъат соҳасидаги тасвирий ва амалий санъат, дизайн ҳамда мусиқа ижрочилиги йўналишлари бўйича мутахассис тайёрлайдиган таълим муассасаси ҳисобланади, — дейди мактаб-интернати директори Ж.Досбергенов. —  Мақсадимиз санъатга қобилиятли ижодкор ёшларни аниқлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси, халқаро миқёсида ўтказиладиган танловлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ижодий ишларини юзага чиқариш орқали халқимизнинг миллий санъатини янада кенг жамоатчиликка таништиришдан иборат.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.