Депутат сўрови ўз ечимини топди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати А.Умирова Тахиатош тумани “Жайҳун” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи сайловчилар мурожаати юзасидан автомашиналар кўп қатнайдиган Ш.Рашидов  кўчасига пиёдалар ўтиш йўли белгисини ўрнатиш бўйича туман ҳокими И.Маткаримовга депутатлик сўрови йўллаган эди.

Мазкур масала туман ҳокимлиги томонидан қисқа муддатда ўрганилиб, “Тахиатош йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан ушбу кўчага махсус йўл белгиси ўрнатилди.

Шунингдек, тумандаги 8-сонли мактаб жамоасидан келиб тушган мурожаат ҳам ўзининг ижобий ечимини топди. Яъни, мурожаатга кўра, мактаб ёнгинасидан ўтган катта магистраль кўприкнинг чекка қисмларида  тўсиқлар йўқ бўлиб, бу ўз навбатида мазкур кўприк орқали мактабга қатновчи ўқувчилар учун хавф туғдираётган эди. Натижада, мазкур кўприкнинг пиёдалар қатнов қисмига хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилди. Эндиликда нафақат мактаб ўқувчилари, балки, ҳудуд аҳолиси ҳам мазкур кўприкдан бехавотир ўтиш имконига эга бўлди.

Халқ ишончини оқлаб, уларни рози қилишда  депутатлар ишга алоҳида масъулият билан ёндашаётгани эътиборлидир.