Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди


Ўтаётган ҳар бир кун ва соатлар бизни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни — мамлакатимиздаги энг катта сиёсий жараёнга яқинлаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 14 августдаги қарори билан 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг таркиби тасдиқланди ва шундан буён комиссия томонидан сайлов қонунчилигига мувофиқ сиёсий жараёнга пухта тайёргарлик кўрилди.

Сайловларнинг очиқ ва демократик тамойиллар асосида ўтишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳимдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг 2021 йил 16 августдаги 1-йиғилиш баённома қарори асосида сайлов округининг Матбуот маркази ташкил этилди ҳамда унинг раҳбари ва таркиби тасдиқланди.

Матбуот марказида электрон оммавий ахборот воситалари (телевидение, радио) билан ишлаш гуруҳи, нашрий оммавий ахборот воситалари билан ишлаш гуруҳи, интернет тармоғи орқали сайловни ёритиш гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 656 та сайлов участкалари ташкил этилди ва 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаларининг тартиб рақамлари, чегаралари, манзиллари кўрсатилган рўйхат қарор билан тасдиқланиб, “Қорақалпоғистон тонги”, “Еркин Қарақалпақстан”, “Вести Каракалпакстана” газеталарида ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида чоп этилди.

1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг таркибини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди ҳамда тегишли тартибда тасдиқланди. Участка сайлов комиссиялари таркиби, жойлашган манзили ва телефон рақамлари кўрсатилган маълумотлар жорий йилнинг 14 сетябрига қадар барча шаҳар ва туманларнинг маҳаллий матбуотида эълон қилинди.

Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Президентликка номзодларнинг Сайловолди тарғибот материаллари учун теле-радио каналлар ва Республика нашрларидан бепул эфир вақти ва нашр майдони ажратилди. Ҳозирги кунда барча номзодларнинг Сайловолди дастурлари қарорда белгиланганидек бир саҳифадан “Қорақалпоғистон тонги”, “Еркин Қарақалпақстан”, “Вести Каракалпакстана” газеталарида ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида чоп қилинди.

Қорақалпоғистон Республикасининг марказий нашрларида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида 145 та материаллар ёритилди. “Қорақалпоғистон” теле ва радио каналларида 290 та сайловга оид материаллар эфирга узатилди. Шунингдек, нодавлат телеканали “Жаслар ТВ” ҳамда “Элликқалъа ТВ”, “Аму ТВ”, “Тўрткўл ТВ” маҳаллий телеканалларида ҳар хил рукнларда сайловга оид видеороликлар ва кўрсатувлар эфир юзини кўрмоқда.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган 71 та ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларини холисона ёритиш, сайлов кампаниясининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, аҳолини сайловга оид тадбирлар билан ўз вақтида хабардор қилиб бориш мақсадида Матбуот марказининг тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунга мувофиқ, Матбуот маркази томонидан сайлов кампанияси бошланганидан буён журналистлар учун 5 та пресс-конференция, 8 та брифинг ташкил этилди. Тадбирларга сиёсий партияларнинг матбуот хизмати вакилларини ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини кенгроқ жалб қилган ҳолда сайловга тайёргарлик жараёнини кенг турда ёритиш бўйича тавсиялар берилди.

Куни кеча 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг Матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбир иштирокчилари даст­лаб Матбуот марказида бўлиб, бу ерда марказ ходимлари ва сайлов жараёнларини ёритиш учун ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий журналистлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Нукус шаҳридаги 8-16-42-сайлов участкаларига пресс-тур ташкил қилинди. Сайлов участкаларида журналистлар муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини ва сайловчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз беришнинг сўнги кунини кузатдилар. Участка сайлов комиссияси аъзолари ва муддатидан олдин овоз бериш учун келган фуқаролардан интерьвюлар олиб сайлов жараёнларини фаол ёритишди.

20 октябрь куни муддатидан олдин овоз бериш якунланди. Қорақалпоғистон Республикасидаги сайлов участкаларидан 8 минг 423 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериб, сайлаш ҳуқуқидан фойдаланди.

Ғ.ОТАЖАНОВ,

1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси Матбуот маркази аъзоси.