Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов барчани ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан оширишга катта эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, халқимизда “Тил – миллатнинг маънавий бойлиги”, “Тил – жамият ўзлигининг ўлчови”, “Тил – миллат хазинаси”, “Тил яшаса, миллат яшайди”, деган теран маъноли нақллар бежизга айтилмаган.
Чунки, ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён қилишида, жамиятнинг ривожланишида тил муҳим аҳамият касб этиб, тил – халқнинг тарихини, урф-одат ҳамда дастурларини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам жорий йилда ушбу байрамнинг “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ўтказилиши ҳам бежиз эмас.
Техника-технология жадал ривожланиб, ҳар хил ёт ғоялар миллий мафкурамизга хавф солаётган бугунги кунда она тилимизни асраб-авайлаш ва унинг луғавий бойлигини ошириш долзарб вазифалардан саналади. Шу боис юртимизда давлат тилини ривожлантириш, уни янада бойитиш ва соф ҳолида келажак авлодга етказиш, она тилимизни севиш ва ардоқлаш, унинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Албатта, бу ўз навбатида юртимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлашда, халқимизни, айниқса, ёшларимизни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу борада қабул қилинган қонун, қарор ҳамда фармонлар юртимизда ўзбек тилининг обрў-эътиборини тубдан ошириш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, юртимиздаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилашда муҳим ўрин эгаллайди.
Ушбу қутлуғ байрам муносабати билан мамлакатимизда халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилиб, юртимиз ўқитувчилари ўртасида «Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси» танлови ташкил этилмоқда.
Хорижий давлатлардаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказларининг фаолият юритаётгани, турли даражадаги расмий учрашувларда ўзбек тилидан давлат тили сифатида кенг фойдаланилаётгани, бир қатор ривожланган хорижий давлатларнинг олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти дарсларининг ўқитилаётгани, замонавий ўзбек адабиёти намуналарининг дунё халқлари тилларига таржима қилинаётгани – буларнинг барчаси ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг, давлат тилини ўрганишга қизиқувчилар сонининг тобора ортиб боришига асос бўлмоқда.
Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида ҳар томонлама билимли, салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш, ўқитувчи-мураббийларни қўллаб-қувватлаш, соҳа вакилларини маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чунки, ҳозиргидек глобаллашув даврида она тилимизни соф ҳолида сақлаш ва уни келажак авлодга безавол етказишда ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади.
Албатта, бундай масъулиятли вазифанинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда ёшларимизни она тилимизга, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда барча фидойилик кўрсатиши лозим.
Байрам муносабати билан бир гуруҳ ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига эсдалик совғалари топширилди.
Санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



