Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Бадиий академияси кумуш медали соҳиби Василий Джапаровнинг “Мерос” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Рассом таваллудининг 70 йиллигига бағишланган кўргазмада турли жанрларда яратилган 50 дан ортиқ картина намойиш этилмоқда.
В.Джапаров ўзининг асарлари орқали туғилган ер жилоси, унинг тарихи, аҳолиси, урф-одатларини акс эттирган халқпарвар рассом.
Кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад, рассом ижодининг мазмуни ва таассуротлари орқали аҳолига халқимизнинг тарихи, маданияти, дастурлари акс эттирилган асарларни тақдим этиш ва уни келажак авлодга етказишдан иборат.
Бетакрор истеъдод эгаси Василий Джапаров 1951 йилда Нукус шаҳрида таваллуд топган. 1972-1976 йиллар Тошкент шаҳридаги П.П.Беньков номидаги республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида таҳсил олди. Нукус шаҳридаги бадиий ишлаб чиқариш устахонасида рассом-безакчи бўлиб фаолият олиб борди.
Рассом рангтасвир намойишида қорақалпоқ халқ зардўзлик санъатида учрайдиган рангларни кўрсатишга муяссар бўлди. Пейзаж, портрет ёки тематик плакатлар бўлсин – рассом-ижодкорнинг туғилган ерига, замондошларига, халқининг урф-одатига бўлган муҳаббати яққол намоён бўлади. Ўз ватани гўзаллиги, табиатининг ҳар бир манзарасига севиниб қараши ва бу ижодида акс этиши рассом истеъдодининг намоён бўлишидир.
Унинг тематик режада яратилган “Шажара”, “Мерос”, Бахт қуши”, “Бўзатов”, “Элларим барди”, Оролимни қайтариб бер”, “Бет ачар” асарлари оддий ҳаётий кўринишлар, бой ранглар уйғунлиги ва ўзига хос услуби билан ихлосмандларнинг эътиборини тортади.
Ижодкор рассом В.Джапаров 1998 йили қорақалпоқ шоири Бердақ юбилейига бағишланган танловда “Шажара” асари билан иккинчи ўринни эгаллади. 2008 йили Ўзбекистон Бадиий академияси кумуш медали соҳиби, 2002-2006 йилларда “Энг улуғ, энг азиз” танловининг ғолиби ва совриндори бўлди.
Кўргазмада намойиш этилаётган асарлар келажак авлод учун ижод мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.



