Ҳурматли шифокорлар ва тиббиёт соҳаси ходимлари!
Барчангизни ҳар йили юртимизда кенг нишонланиб келинаётган касб байрамингиз – «Тиббиёт ходимлари куни» билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклаймиз.
Сизларнинг аҳоли саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, беморларга шифо бахш этиш борасидаги ўта машаққатли ва эзгу ишларингизни юксак баҳолаймиз.
Ўзларингиз яхши биласизлар, Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага оид бир қатор муҳим фармон ва қарорларнинг қабул қилингани бугунги ҳаётимизда ўзига хос ўзгаришлар ва янгиланишларга мустаҳкам асос бўлмоқда.
Ҳозирги вақтда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш, аҳолига сифатли дори-дармонлар етказиб бериш йўналишидаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб бормоқда.
Бунда албатта, дунёдаги тиббиёт амалиётининг ютуқлари ва янги технологияларининг юртимизда жорий қилиниши, етук кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимининг янада такомиллаштирилиши, замонавий тиббиёт муассасаларининг қурилиши, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб борилаётгани ҳаётимизда алоҳида ўрин тутмоқда.
Барчангизга маълумки, куни кеча бўлиб ўтган селектор мажлисида Муҳтарам Президентимиз “Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса — давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”, деган чуқур мазмунли фикрни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз томонидан ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини ривожлантириш, фармацевтика саноатини қўллаб-қувватлаш, соҳанинг кадрлар салоҳиятини кучайтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини яхшилаш билан боғлиқ бир қатор муҳим вазифаларнинг белгилаб берилиши барчамизни одамларни ҳаётидан рози этиш йўлидаги эзгу ишларга руҳлантиради.
Шу мақсадда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш, халқ табобати соҳасини тартибга солиш, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини ва самарадорлигини ошириш бугунги кундаги энг муҳим вазифаларимиздан саналади.
Мана, жорий йилнинг ўзида маҳаллий бюджет маблағларининг 26 фоизи тиббиёт соҳасига ажратилиши, яъни ўтган йилга нисбатан 121 фоизга ошгани тиббий хизмат сифатини оширишга, соҳа фидойиларининг меҳнатини рағбатлантиришга, даволашнинг замонавий технологиялари ва усулларини кенг жорий қилишга мустаҳкам асос яратади.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, жорий йилда соғлиқни сақлаш объектларида 55 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, қўшимча маҳаллий бюджет ҳисобидан деярли 50 миллиард сўмлик маблағлар тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун ажратилди.
Қолаверса, соҳанинг бир қатор фидойилари давлат мукофотларига муносиб деб топилгани, шифокорларимизнинг иш ҳақлари ошиб бориши, соҳа ходимларининг моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватланаётгани Сизларга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Бунга жавоб сифатида ҳар бирингиз инсон учун энг катта бойлик саналган халқимиз саломатлигини сақлашда, касалликларни эрта аниқлашда, унинг турларини камайтиришда ва олдини олишда, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда фаоллик кўрсатасизлар, деб катта ишонч билдирамиз.
Қадрли тиббиёт соҳаси ходимлари!
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга омонлик, инсон саломатлигини сақлашдек ўта машаққатли, масъулиятли ва эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз!
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев



