Партия фаоллари тақдирланди


Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов бошқариб борди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси 1991 йил 1 ноябрда ташкил топган. Давлатимиз мустақилликка эришган кунлардан бошлаб 30 йил давомида ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида фаолият юритиб келаётган салоҳиятли сиёсий куч сифатида ўзини кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 22 минг нафардан зиёд партия аъзоси бўлиб, улар 526 та бошланғич партия ташкилотига бириктирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳларида юздан зиёд депутат фаолият юритиб келмоқда. Депутатлар ва партия фаоллари Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли, айниқса партия электорати ўртасида тарғиб қилиш ишларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Байрам тадбири давомида партия фаолларига Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг Фахрий ёрлиғи, партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ва Нукус шаҳар Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Қ.Х.А.