Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилган.
Нукус шаҳридаги 1-касб-ҳунар мактабида «Автомобилларни таъмирлаш чилангари», «Компьютер графикаси ва дизайн оператори», «Пайвандловчи», «Тикувчи», «Оқава сув ва сув таъминоти тизимларидан фойдаланиш ва монтаж қилиш устаси», «Электр станциялари ускуналарини таъмирлаш бўйича чилангар» каби йўналишларда 775 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Таълим даргоҳида ёшларнинг замонавий билим эгаллаши ва малака ошириши учун барча шароитлар яратилган. Машғулот ва амалиёт хоналари, ахборот-ресурс маркази, спорт зали зарур ўқув ва кўргазмали қуроллар, адабиётлар, техник жиҳозлар билан таъминланган. 60 дан ортиқ фан ўқитувчиси ва ишлаб чиқариш устаси ўғил-қизларга билим бериш билан бирга, касб-ҳунар сирларини пухта ўргатмоқда.
Чекка туманлардан келиб таҳсил олаётган ўқувчилар учун 100 ўринли ётоқхона ташкил этилган.
