Ҳурматли шифокорлар ва тиббиёт соҳаси ходимлари!
Аввало, барчангизни ҳар йили юртимизда кенг нишонланаётган касб байрамингиз — Тиббиёт ходимлари куни билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклаймиз.
Сизларни халқимиз саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, беморларга шифо улашиш йўлида садоқат ва фидойилик намуналарини кўрсатаётган савобли касб эгалари, деб биламиз ва машаққатли меҳнатингизни юксак баҳолаймиз.
Айниқса, бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус пандемияси барчамизга инсон саломатлиги ва ҳаётини сақлашда тиббиёт ходимларининг меҳнатлари қанчалик даражада бебаҳо эканлигини яна бир бор исботлади.
Ҳақиқатдан ҳам, ўз ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйиб, минглаган инсонларнинг дардига шифо топиб, ҳаётга қайтишида бор билим ва тажрибасини сарфлаб, мардлик намунасини кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг меҳнатларини ҳеч нарса билан ўлчаб ва қиёслаб бўлмайди.
Бугунги кунда юртимизда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини ошириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларини зарур дори воситалари ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббиётнинг бирламчи бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган қисқа давр ичида соҳага оид бир қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг йилдан йилга ривожланиб бориши, юртимизда жаҳон тиббиёт амалиётидаги сўнгги ютуқлар ва илғор инновацион технологияларнинг жорий этилиши, етук кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимининг янада такомиллаштирилиши, замонавий тиббиёт муассасаларининг қурилиши, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб бориши ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинган жорий йилда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича бутунлай янги тизим яратилганлиги, яъни, касаллик сабабларини аниқлаш ва уларни даволашда “маҳаллабай” иш олиб бориш амалиётининг йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. Айниқса, бугунги байрам арафасида муҳтарам Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табригида ҳамда яқиндагина бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тиббиёт ходимларига юксак ишонч билдирилиши-Сизларга янгича куч-қувват бағишлайди, деб қатъий ишонамиз.
Қадрли дўстлар!
Маълумки, юртимизда ҳар йили тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари ва халқимиз учун қулай шароитлар яратиб бериш масалаларига катта эътибор қаратилиб келинмоқда. 2016-2020 йиллар оралиғида Инвестиция дастурига мувофиқ соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 64 та объектда 195 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йилда 8 та объектда 48 миллиард сўмлик ишлар якунланиш арафасида турибди. Шунингдек, ўтган беш йил давомида даволаш-профилактика муассасалари учун деярли 126 миллиард сўмлик зарур тиббий асбоб-ускуналар олиб берилди.
Бундан ташқари, бир қатор соҳа фидойиларнинг давлат мукофотларига сазовор бўлиши, соҳа ходимларининг моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши Сизларга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик ифодасидир. Бунга жавоб сифатида ҳар бирингиз юртимизнинг энг катта бойлиги бўлган инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг турларини камайтириш ва олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда фаоллик кўрсатасизлар, деб қатъий ишонамиз.
Қадрли тиббиёт соҳаси ходимлари!
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилангизга омонлик, инсон саломатлигини ҳимоя қилишдек ўта машаққатли, масъулиятли ва эзгу ишларингизда юксак муваффақиятлар тилаймиз!
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев



