Аҳоли саломатлигига оид халқаро конференция ўтказилди


Мустақилликнинг дастлабки кунларида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали очилган эди. Ўтган йиллар давомида филиал ҳар томонлама ртвожланиб, бугунги кунда институт мақомига эришди ва халқимиз учун нуфузли таълим даргоҳига айланди.

Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилганига 30 йил тўлиши муносабати билан институтда “Глобал чақириқлар ва аҳоли саломатлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Конференцияда мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари, илмий муассасаларнинг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Конференцияни институт ректори, сенатор О.Атаниязова олиб борди.

Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев сўзга чиқиб, институт жамоаси ва талабаларни қизғин табриклади ҳамда Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг 30 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг табригини ўқиб эшиттирди. Оролбўйи халқининг саломатлигини сақлашда мазкур билим даргоҳининг ўрни алоҳида эканлигини таъкидлаб, институтда узоқ йиллар давомида бўлажак шифокорларга таълим берган профессор-ўқитувчиларга фахрий ёрлиқ топширди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Ю.Абсоатов, Вена тиббиёт университети (Австрия) профессори Ханнс Мосхаммер, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменов ва бошқалар сўзга чиқиб, институт фаолияти ва унинг бугунги кундаги ютуқлари, жумладан, тиббиёт институтининг ташкил этилиш тарихи, ривожланиш босқичлари ва халқимиз саломатлигини сақлаш, етук мутахассисларни тайёрлашдаги аҳамияти хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон тиббиёт институти 1991 йил 1 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 251-сонли қарори билан Оролбўйи ҳудуди аҳолисининг саломатлигини сақлаш ва олий тоифадаги тиббиёт кадрларини тайёрлаш мақсадида Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали бўлиб ташкил этилди.

1995-1998 йилларда Қорақалпоқ давлат университети таркибида тиббиёт факультети бўлиб фаолият юритди. Бу ерда 1997-1998 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши йўналиши йўлга қўйилди. 1991-2001 йиллар оралиғида филиалда асосан моддий базани мустаҳкамлаш, ўқув адабиётлари, педагог кадрлар билан таъминлаш ишлари олиб борилиб, кафедралар ташкил этилди.

Клиник фанлар бўйича кафедраларни ташкил этиш ва педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида 1991-1993 йилларда 16 нафар ёш шифокорлар ТошПТИ га мақсадли клиник ординатурага юборилди. Шундан 4 мутахассис диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

— 2001 йилдан бошлаб филиал фаолияти тараққий эта бошлади. Жумладан, филиалнинг моддий базаси кенгайди. Китоб фонди деярли уч ҳиссага ошди. Таълим йўналишлари 8 тага ортди. Алоҳида клиник ординатурага қабул йўлга қўйилди. 2018-2019 ўқув йилидан магистратура мутахассислиги, 2021 йилдан докторантура ташкил этилди. 2020 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институти  филиали негизида Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилди. 2021 йилдан бошлаб институтнинг Халқаро инновацион клиникаси фаолият бошлади. Шунингдек, жорий йилда Хурургия, педиатрия ва акушерлик-гинекология бўйича институт қошида Ихтисослаштирилган Илмий Кенгаш ўз фаолия­тини бошлади, — дейди институтнинг Офтальмология, онкология ва радиология кафедраси раҳбари М.Қурбаназаров.

Институтнинг олдига қўйган мақсадли режалари кўп. Уларни амалга ошириш натижасида олий таълим муассасалари ўртасида рейтинг кўрсаткичлари ва кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш назарда тутилган.

Конференцияда институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, клиник ординатор ва магистрлар касалликларни даволаш усуллари бўйича ўзларининг илмий тадқиқотлари юзасидан тайёрлаган маърузаларини ўқиди.

Сўнг конференция иштирокчилари ва меҳмонлар институт ҳузуридаги инновацион клиникани бориб кўрди. Клиника 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, стационар шароитда йилига 3 минг 600 нафар, амбулатор тарзда 22 минг 400 нафар беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Бу ерда туғма ва сурункали касаллиги бор болаларга юқори технологиялар асосида ташхис қўйилади ва даволанади. Мазкур замонавий клиника билан танишган меҳмонлар келажак авлод саломатлигига қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлиги учун фидойи раҳбарлардан миннатдор бўлишди.

Куннинг иккинчи ярмида “Глобал чақириқлар ва аҳоли саломатлиги” мавзусида хорижий давлатлардаги ҳамкор таълим муассасалари олимлари билан илмий конференция ўтказилди.

Конференцияда олимлар атроф муҳитнинг инсон саломатлигига тасири, иқлим ўзгариши ва бунинг натижасида пайдо бўладиган касалликлар ва уларни даволаш борасида олиб борилган илмий тадқиқотлар бўйича маъруза қилди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.