Мозийларга қайтсам саҳройи нидосан,
Бугун бахтдан жаранг сочар ҳур садосан,
Сенки, миллат равнақига муддоасан,
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Достон бўлиб дўмбирада беллашган сен,
Қоратоғга таҳсин айтиб эллашган сен,
Бир ваҳмли Орол билан тиллашган сен,
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Яхши кунда “ҳЁййиў” ўзинг, “ҳЁўжар” ўзинг,
Шоирингга бор бисотинг очар ўзинг,
Кези келса дангалига кўчар ўзинг,
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Бу дунёда дуру-маржон тиллар бисёр,
Тили билан довруғ топган эллар бисёр,
Туркий тиллар ичида ўз фалсафанг бор,
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Ахир ҳар бир сўзингда бир ҳикмат турар,
Ҳар ҳикматинг замирида ҳиммат турар.
Тақдир турар, миллат турар, уммат турар,
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Сенсан ўша Ажиниёз, Бердақ бўлиб,
Не – не суронли кунларда толиб-сўлиб,
Турадирсан бугун юксак мақом олиб,
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Асрларки келаётган битик ўзинг,
Сен айтмаган донолик йўқ, етук ўзинг,
Эртаси зўр халққа олий ютуқ ўзинг
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Бугун янги Ўзбекистон, янги ҳаёт
Бўлиб бунда янги достон, янги баёт
Топажаксан шаксиз ривож, тараққиёт
Қорақалпоқ тили мадҳинг айтар бўлсам.
Назира Матяқубова.



