Инсон қадри улуғланган юртга байрамлар ярашади


Шу йилнинг 7 декабрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирликлар, муассаса ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, нуронийлар, талаба-ёшлар ҳамда ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.

Таъкидланганидек, Конституция ўзининг чуқур ўйланган тамойиллари ва қоидалари билан юртимиз тақдири, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат саналади. Президентимиз халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш Конститу­циямизнинг асосий мақсади саналади, — деганидек, осойишталикнинг қадрига етиш, ота-боболаримизнинг меросларини асраб- авайлаш, юртимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, кекса-нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бугунги ҳаётимизнинг асосий мезонига айланиб бормоқда.

Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларнинг такомиллаштирилиши, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, ёрдамга муҳтож инсонларнинг қўллаб-қувватланиши, “Маҳалла кесимида” ги фаолиятнинг йўлга қўйилганлиги, буларнинг барчаси халқимизни ҳаётдан рози қилиш учун амалга оширилаётган эзгу ишлардир.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида тараққиётнинг янги бос­қичига қадам қўяётган юртимизда ўтган қисқа вақт ичида барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистон Республикаси ҳам ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янги ривожланиш йўлига ўтди.

Энг чекка ҳудуд саналган Мўйноқ, Қўнғирот, Бўзатов, Қонликўл ва Тахтакўпир туманларида катта янгиланишлар, бунёдкорликлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ­ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ва шу асосда сўнгги 3 йилга мўлжалланган дастурнинг ишлаб чиқилганлиги бу борадаги чора-тадбирларни янги босқичга кўтарди.

Йиғилишда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси М.Жалалова йиғилганларни байрам билан табриклаб, республикамиз халқига, хусусан, ёшларимизга алоҳида ҳурмат ва эътибори учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди. Қорақалпоғистон халқ шоири Х.Даўлетназаров Конституцияга бағишланган шеърини ўқиди.

Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрамга бағишланган концерт дастури билан якунланди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.

Қ.Х.А.