Нукусда янги корхона иш бошлади


Нукус шаҳрида “AKFA ASSEMBLY” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Пластик дераза ва эшик ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси доирасида янги корхона очилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон ­Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 июлдаги “БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновация­лар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш тўғрисида” ги қарорининг тегишли бандига мувофиқ, Қорақалпо­ғистон Республикасида Тошкент шаҳридаги йирик тадбиркорлик субъектлари томонидан экологик инновациялар ва технологияларни татбиқ қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Imzo” ­компанияси жорий йилдан Нукус шаҳрида ўз ­фаолиятини кенгайтириши натижасида “AKFA ASSEMBLY” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 6 миллион долларлик филиални ишга туширди.

Корхона йилига 78 000 кв.м. алюминий ва 190 000 кв.м. ПВХ маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга. Натижада 240 та янги иш ўрни яратилди. Ишчи-ходимларнинг аксариятини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этади. Янги корхонада пластик дераза ва эшик ишлаб чиқаришда маҳаллий иқлим шароитимизга мос келадиган Европа лабораторияларида синовдан ўтган Енгелберг ҳамда Акфа брендларининг юқори сифатли материаллари танланган. Корхонада ишлаб чиқариш линиялари Европадан келтирилган бўлиб, тўла компьютерлаштирилган бошқариш тизими билан таъминланган. Уларни замонавий технологияларни етук эгаллаган маҳаллий ёшлар бош­қаради.

Демак, жаҳон бозорида ўзининг муносиб ўрнига эга компания филиали Оролбўйи иқтисодиётининг янада юксалишига муносиб улуш қўшади.

Д.Абибуллаев,

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.