Ёшлар форумда фаол иштирок этди


Амударё туманида “Беш ташаббус – маҳаллада” ва “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” доирасида ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бош­қармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбир “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида 5000 қадам оммавий юриш билан бошланди. Унда корхона, ташкилот ва муассасалардан, шунингдек уюшмаган ёшлардан 500 нафар киши иштирок этди. “Касбий тайёргарлик” ойлиги доирасида ҳарбий хизматчилар ва оркестрнинг кўргазмали чиқишлари бўлди. Ёшлар замонавий ҳарбий қурол аслаҳалар ва кўргазмалар билан танишди.

– Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш мақсадида “маҳаллабай” ўрганишлар орқали 9 та йўналиш, 74 та банддан иборат “Ёшлар дастури” ишлаб чиқилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Амударё тумани бўлими бошлиғи Жасур Давлетов. – Ҳозирги кунда 49 та маҳаллада ўрганиш лозим бўлган 44340 нафар ёшларнинг 43119 нафари билан бирма-бир мулоқот қилиниб, шундан 6672 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 6556 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Жумладан, 867 нафари доимий ва жамоат ишга жойлаштирилган бўлса, 318 нафарига имтиёзли кредит, 329 нафарига субсидия ажратилди. Бундан ташқари, 5042 нафарига “Ҳар бир ёшга-бир гектар”тамойили асосида 1010 гектар ер майдони ажратилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатида туман аҳолиси, шу жумладан, ёшлар фаол иштирок этмоқда.

Тумандаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5 гектар “Ёшлар боғи” ташкил этилди. Бугунги кунга 2500 туб мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Форум иштирокчилари кўчат экиш тадбирида иштирок этди. Шу куни 50 нафардан зиёд ёш томонидан 200 туп дарахт кўчати экилди.

Туманда оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маҳалла аҳолиси, шу жумладан, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишига имконият яратиш мақсадида 36 та маҳаллада Workout, стритбол ва бадминтон спорт майдончалари қуриб, фойдаланишга топширилди. Тумандаги умумтаълим мактабларига спорт анжомлари олиб берилди. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида жорий йилда жами 31 та спорт тўгараги ташкил қилинди.

Туманда IT маркази филиалида 5 та тўгарак ташкил қилиниб, 89 нафар ёш жалб қилинди.

Форум доирасида “Дурунки” маҳалла фуқаролар йиғинидаги спорт майдончасида футбол бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Унда 8 та жамоа иштирок этди. Тадбир иштирокчилари туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги тўгараклар фаолияти билан танишди.

Туман маданият марказида “Беш ташаббус” ҳамда модалар кўргазмаси бўлди. Тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар иштирокида “Муваффақиятга эришиш сирлари” маҳорат дарси ўтказилди.

Д.Абибуллаев,

М.Ҳабибуллаев олган сурат.