Заҳарланишнинг олдини олиш  чоралари кўрилмоқда


Табиий газ-бу асосан (98%) метан (СН4) ҳамда 2% бошқа оғир углеводородлар (пропан, бутан, этан, гексан ва бошқалар)дан иборат газдир. Қайта ишлангунгача табиий газ ҳидсиз, рангсиз ва тамсиз бўлади.

Газ сизиб чиққанда уни ҳидини сезиш учун унга одоранд қўшилади. Одоранд ўзига хос ҳидга эга бўлиб этилмеркоптан (суюқликдир). Табиий газга газ тақсимлаш (ГРП) 1000 м3 ҳисобига ёзда 16 грамм, қишда 19 грамм этилмеркоптан қўшилади. Табиий газ одам организмига бўғувчи газ тарзида (ҳаво 10%дан ортиқ конценрацияси мавжуд бўлганда, бўғилишга сабаб бўлади), тўлиқ ёнмаган маҳсулот эса (ис гази) заҳарловчи тарзида таъсир қилади.

Табиий газ- портловчи ва ёнувчи газдир. Газларнинг ҳаво билан аралашмаси эса портлайди. Агар учқун ёки ёнаётган олов шароитида газ сизиб чиқса портлаш ёки ёнғин содир бўлиши мумкин. Табиий газ ёнаётганда сув буғи, углерод икки оксиди ва иссиқлик ажралиб чиқади.

Газ тармоқларида, газ қувурлари ёки газ асбобларидан сизиб чиққанда доим юқорига интилади, чунки табиий газ ҳаводан енгил. ­Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг бехосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газни ёқиб, қаровсиз қолдириш, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан фойдаланиш ҳамда хонадон ичида очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланиш ҳолатларининг учраб туриши фуқароларнинг ис газидан заҳарланишига ҳамда ҳаво ва газ аралашмасининг чақнаши натижасида жабрланиши ва ҳаттоки ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқда.

Ис газидан заҳарланиш унинг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлади. Заҳарланиш енгил, ўрта ва оғир даражаларда бўлади, бундай ҳолларда бош оғрийди, айланади, қусиш, ҳушдан кетиш ҳамда нафас олиш секинлашади, баъзан ўлимга ҳам олиб келади.

Ҳурматли фуқаролар ис газидан заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг, яшаш уйларингиздаги иситиш қозонларининг ­созлиги ва дудбўронларининг тозалигига эътибор қаратинг!

Қ.Сейтназаров,

Нукус шаҳар ФВБ норматив-техник бўлими

бошлиғи катта лейтенант.

Н.Туребеков,

Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси хўжалик ишлари бошлиғи.