
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.
Делегация вакиллари Оролбўйига ташрифи доирасида Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш мақсадида Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл туманларига ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида “Бўстон” каналининг Беруний тумани ҳудудида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Каналнинг бетонлаш ишларининг боришини кўздан кечириб, қурувчилар билан мулоқотда бўлди. Амалга оширилаётган ишларнинг натижаси билан қизиқди. Делегация раҳбари шу ерда маҳаллий аҳоли вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.
Меҳмонлар “Бўстон” каналида Жаҳон банки иштирокидаги лойиҳа асосида қурилиб, яқинда фойдаланишга топширилган йирик гидротехник сув тақсимловчи иншоот ва каналда амалга оширилган ишларни бориб кўрди. Шу ерда сув хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотлари объектларида келгуси 5 йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
— Ташрифдан асосий мақсад, Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларни жойига бориб ўрганиш ва 2022-2026 йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича стратегия ишлаб чиқишдан иборат, — дейди Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази раҳбари Бахтиёр Камолов. — Ушбу лойиҳалар асосида Жаҳон банки иштирокида асосий ва иккиламчи каналларни реконструкция, модернизация қилиш, ер майдонларини лазерли ускуна ёрдамида текислаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида бир қатор тадбирларни амалга оширишдан иборат. Тадбир давомида Сув хўжалиги вазирлигининг келгусида амалга ошириладиган лойиҳалари бўйича ҳам тақдимотлар қилинди. Ушбу тақдимотлар орқали келгуси 5 йилда Жаҳон банки билан камида 600 миллион доллар миқдордаги маблағларни жалб қилиш ва сув ресурсларини бошқаришни янада яхшилаш, такомиллаштириш бўйича музокараларни давом эттираяпмиз.
Делегация вакиллари Беруний туманидаги “Қилчиноқ” насос станциясида ҳам бўлди.
Шунингдек, Элликқалъа туманидаги “Дошқалъа илғори” фермер хўжалиги даласида лазерли қурилма ёрдамида дала майдонларини текислаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди.
Делегация раҳбари мулоқотларда эришилган натижалардан мамнунлигини билдириб, келгусида ҳам бу борада ҳамкорликда ишлар давом этишини маълум қилди.
Д.Абибуллаев,
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



