Шу йилнинг 19 декабрь куни Нукус шаҳрининг Отчопар майдонида бўлиб ўтган Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам томошаларидан репортаж
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик деҳқон- фермерларимиз, қишлоқ халқига катта куч-ғайрат бағишлаб, йилнинг машаққатли келишига қарамасдан пахта, буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб келмоқда.
“Саховатли заминимизда гўзал ҳосил байрами нишонланаётган шу файзли дамларда янги Ўзбекистон равнақи ва аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, қадоқ қўли ва фидойи қалби билан элимизнинг ризқ-насибасини яратаётган, ўз ишининг устаси бўлган моҳир деҳқон ва фермерлар, боғбонлар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчилар ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерларнинг раҳбарлари ва ишчи-ходимлари, деҳқон хўжалиги раҳбарлари, соҳанинг жонкуяр олимлари ҳамда мутахассисларига самимий миннатдорчилик билдираман,”-деган эди Президентимиз Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида.
Миллий қора уй (ўтов)лар, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатини улуғловчи чақириқ-шиорлар билан безатилган Нукус шаҳрининг Отчопар майдонида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам томошалари бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов сўзга чиқиб, йиғилганларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан табриклади. Президентимизнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табриги билан бир қаторда қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификациялаш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, халқни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Байрам томошалари арқон тортишув беллашуви билан бошланди. Унда Чимбой тумани биринчи, Қўнғирот тумани иккинчи, Шўманой тумани жамоаси учинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Байрам иштирокчиларининг эътибори қурга қаратилди. Бош байроқ учун майдонда Шўманой туманидан Мийирбек Абдихалиқов ва Хўжайли туманидан Зарапатдин Турдимуратов беллашди. Бир-бирига муносиб полвонлар беллашувида Зарапатдин Турдимуратов ғалаба қозонди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов полвонга бош байроқ — Президент совғаси “Jentra” автомашинасини тантанали равишда топширди. Бундан сўнг бир нечта вазн тоифасида полвонлар беллашиб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Қўчқорлар уруши ҳам томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Шу куни Амударё туманидан Б.Оразбаев, Нукус шаҳридан Е.Бабажанов, П.Есбергенов, Беруний туманидан А.Нурбаев, Элликқалъа туманидан К.Матсапаев, Кегейли туманидан А.Юсуповларнинг қўчқорлари ғолиб бўлди. Ҳар бир ғолиб бўлган қўчқор эгаларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шундан сўнг бир, уч, беш, етти, ўн айланишга отлар юборилди. Унда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва республикамизнинг барча туманларидан келган моҳир чавандозлар ташкилотчилар томонидан қўйилган қимматбаҳо совғалар учун майдонга тушди. Айниқса, ўн айланишдаги от чопиш барчанинг диққат марказида бўлди. Маррага биринчи бўлиб келган Тошкент шаҳридан Аваз Исмаиловнинг оти бош байроқни қўлга киритди. Унга Президент совғаси -“Jentra” автомашинаси топширилди. Кейинги ўрин соҳиблари мотоцикл, музлаткич, телевизор, гилам каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Шунингдек, “Қиз қувиш”, “Танга олиш”, “Кўкпар” мусобақалари ғолиблари аниқланиб, уларга ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.
— Якунланаётган йил соҳа ходимлари учун муваффақиятли бўлди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи, “Дўстлик” ордени соҳиби М.Қурбаниязов. — Соҳани модернизация қилиш, яъни ерларни лазер ёрдамида текислаш, томчилатиб суғориш ва бошқа янги усулларнинг жорий этилиши ҳосилдорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда пахтачиликда 10, ғаллачиликда 30 кластер корхонаси фаолият олиб бормоқда. Бунинг барчаси Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.
Байрам иштирокчиларига деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси намойиш этилди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат усталари ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларида катта таассурот уйғотди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган байрам томошалари халқ сайли билан давом этди.
Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
Д.Абибуллаев,
Ҳ.ПАЙДОЕВ олган сурат.



