Халқ достонларини маҳоратли ижро этган бахши


Яқинда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида Қорақалпоғистон халқ бахшиси Амет Тарийховнинг 100 йиллигига бағишланган «Халқ донолиги – таълим ва тарбиянинг туб асоси» мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Республикамиздаги таниқли санъат ва маданият соҳаси вакиллари, бахшининг шогирдлари, оила аъзолари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур анжуманни филиал директори А.Аяпов кириш сўзи билан очди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Қ.Турдиев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари санъат арбоби, Бердақ  номидаги давлат мукофоти совриндори Қ.Заретдинов, филология фанлари доктори, профессор Қ.Жаримбетов, Ўзбекистон халқ бахшиси ­.Ўтемуратовлар сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида миллий маданият ва санъатимизни, жумладан, бахшичиликни ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мутахассислар тайёрлашга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, халқаро фанлар академияси совриндори Ж.Турдимуратов, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент А.Ережепов, Қорақалпоғистон халқ бахшиси, доцент ­Г.Ахимбетовалар бахши-жировчилик санъатида устоз-шогирд анъанаси, уларнинг бугунги кундаги ҳолати, Амет Тарийховнинг бахшичилик санъатида тутган ўрни, достонларни ижро этишдаги ўзига хос хусусиятлари юзасидан маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Амет Тарийхов ўзининг алоҳида иқтидори, бой дунёқараши билан миллий маданият ва санъатимизни ривожлантиришда салмоқли ўрин эгаллаган. У 1923 йили Қорақалпоғистоннинг Қораўзак тумани ҳудудидаги Есим бўйи Сағанай қуюн овулида туғилган. Оиласи жуда камбағал бўлгани боис, деҳқончилик ишлари билан шуғулланган. Қатағон даврида ёшлигидан ота-онасидан етим қолиб, қариндошлари қўлида тарбияланган.

Унинг авлодида бахшичилик билан шуғулланган инсон бўлмаса ҳам овулга келган бахши-жировларни туни билан ухламасдан тинг­лар эди. Бу даврда, айниқса, 20 йилларнинг охири, 30-50 йилларда жиров-бахшилар майдонда йиғилиб, катта клубларда ёки сейисхоналарда ижро этишар эди.

У 1943 йилнинг сентябрь ойида фронтга кетади. 1944 йилнинг июнига қадар Белоруссиядаги 820-жангчилар полкида хизмат қилади. Витебск ўрмонида бўлган жангда кўзидан ярадор бўлиб, урушдан қайтиб келади.

1944-45 йилларда ўз овулида ишлайди. Уруш даврида ва ундан кейинги йилларда Қорақалпоғистоннинг бахши-жировлари ­халқимизни немис-фашист босқинчиларига қарши ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида халқ орасида қорақалпоқ қаҳрамонлик достонларини ижро этган.

Унинг бахшичилик йўлини танлашида таниқли Изимбет жиров, Абдирасул жиров, Есжан бахши, Тўребай бахшиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Айниқса, Амет Тарийхов Есжан бахши ва Қурбанияз бахшиларга шогирд тушган Устозларидан бир нечта халқ қўшиқлари ва «Хирмондали», «­ариб ошиқ», «Саятхон-Ҳамро», «Юсуф-Ахмад», «Базиргон» каби лиро-эпик достонларини қунт билан ўрганади ва бахшининг гўзал куйлари, қўнғироқдек овози, ижро этган достонлари уни таниқли бахши даражасига етаклайди.

Бахшининг узоқ йиллик самарали фаолияти ва маънавий маданий ютуқлари юксак баҳоланиб, унга 1967 йилда «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист», 1983 йилда “Қорақалпоғистон халқ бахшиси” фахрий унвонлари берилди. Амет бахши Тарийхов фақатгина Ўзбекистон миқёсида эмас, балки қўшни Қозоғистон, Туркманистон  Республикаларида ҳам ўз мухлисларига эга бўлиб, ўзининг бетакрор овози билан кўпчиликнинг эътиборини тортди.

1991 йилда халқимизга таниқли бахшининг юртимизга кўрсатган катта хизматларини одилона баҳолаш ва унинг номини абадийлаштириш тўғрисидаги илтимосларга кўра, Нукус шаҳрида ўзи истиқомат қилган кўча Амет бахши Тарийхов номига қўйилди. 2002 йилда Нукус шаҳар 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Амет бахши Тарийхов номи берилди. «Ўзбеккино» миллий агентлиги «Қарақалпақфильм» киностудияси томонидан ҳужжатли  фильм тасвирга олинди. 2022 йил 25 ноябрда Нукус шаҳар Амет бахши Тарийхов номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида Қорақалпоғистон Республикаси «Жыраў-бақсылар» жамоат бирлашмаси томонидан республика ёш бахшилар танлови ўтказилди.

Шу йилнинг январь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойиларнинг юбилей саналари орасида Қорақалпоғистон халқ бахшиси Амет Тарийховнинг 100 йиллигини республикамиз миқёсида кенг  ва юксак савияда нишонлаш бўйича йиғилиш қарори чиқди. Шунга мувофиқ, февраль ойида Қорақалпоғистон Республикаси «Жыраў-бақсылар» жамоат бирлашмаси томонидан 50 ва ундан юқори ёшдаги бахшилар орасида Республика бахшилар танлови ўтказилди.

– Дарҳақиқат, Амет Тарийхов халқ достонларини моҳирона ижро этиб, халқимиз дилидан чуқур ўрин олган бахшилардан биридир, – дейди Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори Қурбанбай Заретдинов. – Бугунги кунда унитилаётган бахшичилик санъати қайта тикланиб, санъатга қизиқувчи ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида 2022-2023 ўқув йилида бахшичилик ва достончилик таълим йўналишининг очилиши бунинг ёрқин мисолидир.

Тадбир сўнгида бахшининг ўғли, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси М.Тарийхов ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди. Иштирокчиларга филиал талаба-ёшларининг концерт дастури намойиш этилди.

Республика илмий-амалий анжуман секцияларга бўлинган ҳолда давом этди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.