Таъмирлаш ишлари ўз самарасини беради


“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда қайта ишлаш заводларининг қувватларини тиклаш ҳамда технологик қурилмаларда амалга ошириладиган режали огоҳлантирувчи таъмирлаш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Акциядорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, режали огоҳлантирувчи таъмирлаш ишлари бажарилиши натижасида бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинишига, шунингдек, ускуна ва жиҳозларнинг узоқ йиллар мобайнида беталофат ишлатилишига эришилади.

Айни пайтда белгилаб олинган режага асосан, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг бир қатор қурилмалари, ускуна ва жиҳозлари таъмирланди. Хусусан, бошқармага қарашли “Урга” газни комплекс тайёрлаш қурилмасида олиб борилган таъмирлаш жараёнида босим остида ишловчи идишлар ички ва ташқи кўрикдан ўтказилди.

Шунингдек, таъмирлаш ишлари мобайнида сиқув компрессор станциясининг ускуна ва жиҳозлари тўлиқ техник ташҳисдан ўтказилди. Шу билан бирга ушбу жиҳозларнинг  технологик самарадорлиги оширилди.

Таъмирлаш ишлари “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг тегишли департаментлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.