Муҳаммад Юсуф — она ватан куйчиси


Ўзбек шеъриятида баракали ижод этган ўзбек шоирлардан бири, ватан ва халқ куйчиси Муҳаммад Юсуфдир. Унинг шеърий сатрлари ҳудди очилиб турган ранг-баранг гулларга ўхшайди.

Бир қарасанг Ватан мадҳи бизни ўзига тортса, бир қарасанг ёр ишқи, меҳр-оқибат  ифорини ҳар томонга таратаётганга ўхшайди. Ижодкор гарчи қисқа умр кўрган бўлса ҳам ёзган асарлари ва ­шеърлари билан кенг оммани ўзига жалб эта олган. Муҳаммад Юсуф  адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси учун 1996 йилда “Дўстлик ордени” билан мукофотланган, шунингдек “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган.

Куни кеча Ўзбекистон давлат саньат ва маданият институти Нукус филиали томонидан ташкил қилинган кечада М.Юсуф ҳаёти ва ижодига доир маълумотлар, шоир қаламига мансуб шеърлар, саҳна асарлари, куй қўшиқлар ижро этилди.

Шунингдек, шоир қаламига мансуб, “Уч ўғил бир қиз қиссаси” филиалнинг мусиқали драма театр ак­тёрлиги йўналиши талабалари томонидан саҳналаштирилди.  Сўнг раққоса қизлар шоир қаламига мансуб “Қизғалдоғим“ қўшиғига рақс ижро этишди.

Тадбир давомида М.Юсуф шеърларининг қорақалпоқча таржималари ҳам томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Байрам кечасида шоирнинг хонанда Севара Назархон томонидан куйланган “Ватаним” қўшиғи  биргаликда куйланди.

Тадбир сўнггида факултет деканининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Г.Шарипова, “Ижтимоий гуманитар фанлар” кафедраси мудири Л.Уразова ҳамда шу кафедра катта ўқитувчиси А.Прекеевалар сўзга чиқиб, бундай тадбирлар ёшларнинг комил инсон бўлиб етишишларида муҳим эканлигини эътироф этишди.

Малоҳат Шамуратова,

Ўзбекистон давлат, саньат ва маданият институти Нукус филиали  “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси.