Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев хитойлик йирик ишбилармон инвесторлар «Fujian Qunfeng Investment Group» компанияси вакили Линь Цяньтао ва Линь Чжун, «BA ASSOCIATION» компанияси бош директори Б.Абдуллаевлар билан конференцалоқа орқали учрашди.
Учрашувда Жўқорғи Кенгес раиси мамлакатимизда тадбиркорлар ва инвесторлар учун Президентимиз томонидан яратиб берилаётган енгиллик ва кенг имкониятлар, Қорақалпоғистон Республикасидаги инвестициявий муҳит, қазилма бойликлар заҳираcи, амалга ошириш имконияти мавжуд бўлган янги лойиҳалар тўғрисида тўхталди.
Шунингдек, Қораўзак тумани ҳудудида жойлашган Бургуттаў мис кони асосида «Fujian Qunfeng Investment Group» корхонаси томонидан умумий қиймати 140 миллион АҚШ долларлик мисни қайта ишлаш кластери лойиҳасининг аҳамияти ҳақида батафсил тушунчалар берилиб, хитойлик инвесторлар билан ушбу лойиҳани амалга ошириш учун республикамизга келиб ўрганиш ва ишга тушириш бўйича келишиб олинди. Шу билан бирга, «City group» корхонаси томонидан янги кимёвий сода ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган лойиҳа ҳақида ҳам сўз юритилди.
Учрашув давомида «Тианженг хайтенг» корхонаси томонидан Бўзатов, Кегейли, Тахтакўпир туманларида 10 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик мажмуаси лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, Синьцзян-Уйғур автоном провинцияси инвесторлари томонидан қўшимча Чимбой тумани ҳудудида жами 50 минг бош қорамолга мўлжалланган мажмуа ташкил қилиниши белгилаб олинди. Мазкур лойиҳа бир нечта босқичда амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, биринчи босқичда Чимбой туманида «Тағжап» овул фуқаролар йиғинида жойлашган эски «ГИГАНТ» чорва мажмуини қайта тиклаш орқали 25 минг бош қорамол олиб келиб боқилишини йўлга қўйиш белгиланган.
Учрашувда қурилиш материаллари саноати, каолин маҳсулотини қайта ишлаш, фармацевтика соҳасида Ўзбекистонга инвесторларни кенг жалб қилиш бўйича бир нечта аҳамиятли масалалар ҳам қаралди.
Шунингдек, кўп тармоқли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш, жумладан, кадрларни қайта тайёрлаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида элимизда таълим олаётган талаба- ёшлар учун туризм, логистика, қурилиш, архитектура ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида Сичуань провинциясида жойлашган университетларга Хитой грантлари ажратилишини таъминлаш масаласи алоҳида тилга олинди. Унга Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб саёҳат йўналишини қўшиш бўйича ҳам ўзаро келишиб олинди.
Учрашув давомида Жўқорғи Кенгес раиси ўзаро ҳамкорлик ҳамда элимизни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ҳар қандай инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши албатта қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Конференцалоқа тарзидаги учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев қатнашди.
Қ.Х.А.



