МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ХОДИМЛАРИГА ЯНГИ УЙЛАР БЕРИЛДИ


Нукус шаҳридаги «Гөне қала» маҳалла  фуқаролар йиғини ҳудудида Миллий гвардия ходимлари учун қуриб битказилган янги кўп қаватли уй-жойлар калитларини ўз эгаларига  топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, ҳарбийларни янги хонадонлар билан муборакбод этди ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасининг 30 нафар ходимларига янги уйларнинг калитларини топширди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳарбий шаҳарчаларни ободонлаштириш,замонавий ­инфратузилмани шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиш, фуқароларимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашда ҳарбий хизматчиларнинг ўрни беқиёс. Уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли ипотека кредити асосида қуриб битказилган уй-жойларнинг дастлабки тўловлари давлатимиз томонидан тўлаб берилди. Бу эса ҳарбийларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг амалий ифодасидир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратилган қарийб 7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 5 қаватли, 30 хонадонли уй-жой қуриб битказилди. Мазкур хизмат уйида 2-хонали 10 та, 3-хонали 15 та шунингдек, 4-хонали 5 хонадонлар мавжуд бўлиб, уларда Миллий гвардия ходимларининг оилалари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Тадбир иштирокчилари янги уйларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.