КОНСТИТУЦИЯ — ФАРОВОНЛИК АСОСИ


Конституция аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи, шунингдек ижтимоий тузум, бошқарув шакли ва давлат тузилиши асосларини, уларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабатларини белгилайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади.

Конституциянинг яратилиш тарихига назар солсак уни қабул қилишда бевосита халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари, халқ манфаатининг барча нарсадан устунлиги, инсон, унинг ажралмас ҳуқуқлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилганлигини кўришимиз мумкин.

Конституциямизда кўрсатилган ушбу муносабатларни амалга ошириш мақсадида қонунлар ва бошқа қонун ости ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Биз бугунги кунда асосий қомусимизнинг ҳар бир моддасида белгилаб берилган нормаларнинг амалда таъминланаётганлигини кўришимиз мумкин.

Масалан, Конституциямизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади, 7-моддасида эса,  халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир, деб белгиланган. Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак»  деган тамойил барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланмоқда. Натижада ҳар бир раҳбар, масъул ходимлар жойларга чиқиб, халқимизга муносиб турмуш шароитини таъминлаш мақсадида уларнинг  муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича ижобий ишларни амалга ошираётганлигини кўришимиз мумкин.

Давлатнинг ривожланиши албатта унинг ташқи сиёсати билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Конституциямизнинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати ва уни амалга оширишнинг асосий принциплари белгиланган. Ташқи сиёсий фаолиятнинг бош мақсади- давлат мустақиллиги ва суверенитетини, халқаро майдондаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинчлигини таъминлаш, республиканинг ташқи иқтисодий манфаатларини фаол тарзда илгари суришдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимиз хал­қаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 130 дан ортиқ давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган, 100 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотларнинг аъзосидир.

Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари тўғрисида сўз юритганимизда, аввало Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгилаб берилган ҳар бир ҳуқуқ Конституциямизда ўз аксини топганлигини айтишимиз лозим. Бу ҳуқуқ ва эркинликлар давлат томонидан таъминланади. Масалан, фуқаронинг мулкдор бўлиш ҳуқуқи, меҳнат қилиш ҳуқуқи. Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожантириш орқали ҳар бир инсон, унинг оиласи, жамият ва давлатнинг иқтисодий ривожланишини таъминлашга оид бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бизнес Омбудсман институтининг, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши, «Ҳар бир оила тадбиркор» ёки «Ёшлар келажагимиз» давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, божхона тўловлари ставкалари 2 баробар пасайтирилганлиги, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинганлиги, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси – буларнинг барчаси қомусимизда белгилаб берилган ҳуқуқларимизнинг амалда таъминланишига хизмат қилмоқда. Бундай мисолларни ҳар бир соҳада келтиришимиз мумкин. Энг асосийси бу ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Хабарингиз бор кучли давлатдан- кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ­тамойили асосида бугун республикамиз ҳаётида фуқаролик жамияти ­институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли кун сайин ошиб бормоқда. Ушбу институтларнинг давлат органлари билан муносабатини тартибга солувчи “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

2014 йил Конституциямизга фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан қатнашишини белгилаб берувчи ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳуқуқнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мана шу ўтган йиллар давомидаги мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради.

С.Худайбергенов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Адлия вазири.