Жорий йил 20 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси вакиллари билан учрашди.
Учрашувда компания томонидан республикамиздаги Устюрт текислигида қурилиши режалаштирилган шамол электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш, бу йўналишда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, станция қуришдан олдин компания томонидан Устюрт текислигида шамолдан электр энергия олиш имкониятлари, инфратузилмаси, ҳайвонот дунёсини ўрганиш борасида олиб борилаётган изланишлар ва бошқа бир қатор муҳим масалалар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, шамол электр станциясини қуриш учун Қорақалпоғистон Республикасидаги қулай муҳит, истиқболда бу соҳани ривожлантириш бўйича яна қандай чора-тадбирларни амалга ошириш имкониятлари борлиги, бу борада ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада республика кўламида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “ACWA Power” компанияси томонидан Қорақалпоғистонда 1500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида амалий ишлар бошлаб юборилган.
Учрашув якунида Жўқорғи Кенгес раисининг ўринбосари ҳар қандай инвестор қўллаб-қувватланишини ва янги инвестициявий лойиҳаларни ишга қўшишга қаратилган барча имкониятлар яратиб берилишини таъкидлаб ўтди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.



