САҲРО БАҒРИДА ҚАД РОСТЛАГАН КОРХОНА


Қорақалпоғистонда йил сайин турли соҳаларда кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, кейинги олти йилда республикада 15 триллион сўм инвестиция ҳисобидан 5 минг 300 дан зиёд янги лойиҳа бажарилди.

Тадбиркорлар сони эса икки ҳисса кўпайиб, 46 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Авваллари ривожланиши суст бўлган олтита туманда ишлаб чиқариш ҳажми икки-уч баробар ортиб, республика саноатидаги улуши 12 фоизга етди.

Мисолларга ўтадиган бўлсак, Беруний туманидаги “Беруний буғдой кластер” ва “Райҳон аппарел”, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент”, Қўнғирот тумани­даги “ККРаси кемикал”, Нукус шаҳрида­ги “Азимут ҳотел” корхоналарининг ишга туширилиши натижасида мингдан зиёд аҳоли ишли бўлди. Натижада янги корхо­налар томонидан 300 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Қорақалпоғистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг устувор йў­налишларидан бири минерал хомашё ресурсларини қайта ишлаш саноатини кенгайтиришдир. Бу борада ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, қа­тор йирик ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Айни пайтда бу кор­хоналар томонидан 150 дан ортиқ янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бу борада Қораўзак туманини алоҳи­да тилга олиш жоиз. Негаки, тумандаги “Қорақалпоқ цемент” корхонаси лойиҳа­сининг учинчи босқичи ишга тушиши му­носабати билан заводнинг қуввати ошиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Бун­дай натижаларни Қорақалпоғистонда ҳар бир соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мисолида кўриш мумкин.

Туманларда қад ростлаган ишлаб чи­қариш объектлари кўзни қувонтиради. Зеро, иқтисодиётнинг юраги саналган йирик ишлаб чиқариш корхоналари сони кўпайгани сайин халқнинг яшаш шароити яхшиланиб, аҳолининг доимий бандлиги таъминланмоқда.

Бундан беш йил илгари кичик кў­ламда иш бошлаган “Қорақалпоқ це­мент” корхонаси қисқа вақтда юқори натижаларга эришди. Мазкур корхона 2017 йили ўз фаолиятини бошлаганда йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқарган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 400 минг тоннани ташкил этди.

Жорий йилнинг биринчи чораги яку­нида корхонанинг учинчи босқичи ишга тушиши натижасида цемент ишлаб чиқа­риш қуввати 1 миллион 400 минг тоннага етди. Лойиҳа қиймати 75 миллион дол­ларни ташкил этган корхонада дастлаб 200 киши меҳнат қилган бўлса, ҳозирга келиб яна 700 фуқаронинг бандлиги таъ­минланди.

— Ушбу йирик ишлаб чиқариш корхо­наси чекка ҳудудда, саҳро бағрида қад ростлаган бўлса-да, йилдан-йилга ўзи­нинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий им­кониятларини кенгайтириб бормоқда, — дейди корхонанинг таъминот бўлими бошлиғи Аҳрор Зубайиров. — Цемент ишлаб чиқариш жараёнида корхона­миз 100 фоиз муқобил энергиядан фойдаланади. Ишчи-ходимларнинг ой­лик маоши ўртача икки ярим миллион сўмдан тўрт миллион сўмгача. Айни дамда тайёр маҳсулотлар Қорақалпо­ғистондан ташқари Хоразм вилоятига етказиб берилмоқда. Келажакда Бухо­ро, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари қурилиш объектларини ҳам таъминлашни режалаштирганмиз. Це­мент ишлаб чиқаришда хомашёнинг 80 фоизини оҳактош ташкил этади. Оҳак­тош карьердан қазиб олингач, ишлаб чиқаришга етказиб берилади. Хомашё эса ўзимизда бор. Шунинг учун маҳсу­лотимиз нисбатан арзон.

Ҳа, ҳозирда корхонадаги йирик ста­нок ва дастгоҳлар доимо ишлаб турибди. Уларнинг аниқ вазифаси ва режими бор. Ускуналарни назорат қилиш маълум бир мутахассиснинг зиммасига юклатилган. Қулай иш муҳити, ходимларга яратилган шароит раҳбарият эътиборда.

— Корхона лабораториясида 20 на­фар ишчи ва чет эллик уч ҳамкоримиз билан биргаликда иш олиб бормоқда­миз, — дейди лаборатория бошлиғи Рашид Ражабов. — Бу ерда физика-ме­ханика, кимёвий таҳлил бўлимлари мав­жуд. Хитойлик ҳамкорлар билан бирга­ликда кенг миқёсда амалий ишлар йўлга қўйилган. Яхши дам — меҳнатга ҳамдам, деганларидек, ходимларнинг муносиб дам олиши учун зарур шароитлар мав­жуд. Улар уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган, корхона ётоқхонасидаги қулайликлардан мамнун.

Дарҳақиқат, Қорақалпоғистонда давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарор­ларининг изчил бажарилиши натижасида 2017-2023 йилларда янгидан-янги кор­хоналар, тадбиркорлик субъектлари иш бошлади, турли йўналишларда янги иш­лаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувват­лари ишга туширилди. Натижада аҳоли даромадларини оширишда муҳим ўрин эгалловчи кичик бизнес субъектлари сони 2023 йилга келиб, 24 мингтага етди. Бу эса 2016 йилга нисбатан 2,3 баробар кўп демакдир.

Ҳудуднинг ташқи иқтисодий фаолияти йил сайин кенгайиб, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 196 тани ташкил этса, ҳудудий экс­портёр корхоналар сони жорий йилда 240 тага етказилди. Бу Қорақалпоғис­тонда йирик саноат лойиҳалари ва ис­тиқболли ғоялар амалга ошаётганидан далолатдир.

М.ҚУТЛИМУРАТОВ,

(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).