Нукус шаҳридаги Очиқ театрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган театрлаштирилган адабий-мусиқий-хореографик байрам тантанаси кўтаринки руҳда ўтказилди.
Сўнгги йилларда юртимизнинг барча ҳудудлари сингари республикамизда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, халқимиз эзгулиги йўлида хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 27-июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жорий йилги байрамнинг “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғоя асосида ўтказилиши юртимизда барча эзгу ишлар, аввало халқ манфаати, унинг бугунги кундан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилаётганидан далолат беради. Ҳар доимгидек, байрам арафасида бир қатор ишлаб чиқариш,ижтимоий-маданий объектлар фойдаланишга топширилди.
Пойтахтимиздаги Очиқ театр, атрофи юртимиз мустақиллиги, халқлар дўслигини улуғловчи шиорлар, инсонга завқ бағишловчи анвойи гуллар, турли ранглардаги ёритгичлар билан безалган.
Байрам томошаси чорлов садолари остида бошланиб, табрик учун сўз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаевга берилди.
Республика раҳбари йиғилганларни, бутун халқимизни юртимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистонда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фақатгина Қорақалпоғистон учун бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилиниб, улар халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратишда мустаҳкам асос бўлмоқда. Шунингдек, юртимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қатор инвестициявий лойиҳалар амалга оширилди.
Бунинг натижасида халқимиз учун янги иш ўринлари яратилиб, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий объектлар ишга туширилди. Бундан ташқари, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, олий таълим олишига шароит яратиш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва истеъдодини юзага чиқариш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида ёшларимиз бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан турли соҳаларда юксак марраларни қўлга киритмоқда.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Ўрнатилган монитор орқали намойиш этилган Президентимиз раҳбарлигида мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, республикамизда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари, йиғилганларнинг ҳар бирида ифтихор туйғусини уйғотди.
Байрам томошалари “Ниҳол” мукофоти совриндори Наўризбек Мухаммедияров, истеъдодли ёшлардан Алимбай Каримбаев, Меҳрибан Жиемуратова ва Гулбану Рейпназаровалар ижросидаги “Янги Ўзбекистон” ашуласи билан бошланди. Кейин эса “Биз Янги Ўзбекистон,Янги Қорақалпоғистон фарзандларимиз!”, “Қудратли Армия” композициялари спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбийлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ижросидаги ашула ва рақслар кўнгилларга завқ бағишлади.
Республикамизда турли миллат вакиллари бир оила аъзоларидек аҳил-иноқликда яшаб, меҳнат қилиб келмоқда.
“Ўзбекистон дўстлик диёри” композициясида рус, корейс, қозоқ, туркман ва украин халқларининг миллий ашулалари моҳирона ижро қилинди.
Байрам томошаси “Ватан тинчлиги”композицияси билан ниҳоясига етди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тадбирлар республикамизнинг барча туман ва овуллари бўйлаб давом этди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.



