Нукус туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига бағишлаб “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Миллийлигимиз – бебаҳо бойлигимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Туманнинг «Кердер» овулида ташкил этилган тадбир азал-азалдан бизга мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимизни бугунги авлодга етказиб боришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирда ҳудудда истиқомад қилаётган турли миллат вакилларининг урф-одатлари, қадриятлари тараннум этилди. Меҳмонлар миллий таомларни тайёрлаш жараёнларида иштирок этди. Миллий ҳунармандчилик кўргазмаси намойиш этилди. Турли миллат вакиллари ўзларининг жозибали куй ва қўшиқлари ҳамда рақсларини моҳирона ижро этиб, тадбирга кўтаринкилик бағишлади.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий тадбир барчада катта таассурот қолдирди.
