ИШЛАР ЖАДАЛ СУРЪАТЛАРДА ОЛИБ БОРИЛМОҚДА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги “Сув ресурслари йўқотишларининг олдини олиш ҳамда ирригация тармоқларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикасида 4 та канални 2025-2026 йилларда бетонлаштириш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасининг хулосасига асосан, 43,8 км узунликдаги 4 та канални бетонлаштириш ва реконструкция қилиш ишлари 74 миллиард 968 миллион сўмни ташкил этади.  2026 йилнинг 16 январидан бошлаб, мазкур объектларда каналларни бетонлаш ишлари бошлаб юборилди. Бугунги кунда  14,20 км узунликда бетон қуйишга тайёргарлик ишлари амалга оширилиб, шундан 7,3 км узунликда бетон ётқизиш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда амалга оширилиши белгиланган бетонлаш ишлари жадаллаштирилган жадваллар асосида ташкил қилиниб, қурилиш-монтаж ишларини сифатли якунлаш чоралари кўрилмоқда.

Чимбой туманидаги “Тағ жап” каналини 13,3 км узунликда бетонлаштириш ишларига 20 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу ишга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2025 йил 12 ноябрдаги мажлис баёнига асосан “Ellikqal`a maxsus suv pudrat” масъулияти чекланган жамияти бош пудратчи этиб тайинланди.

Мазкур канал 1938 йилда ишга туширилган бўлиб, умумий узунлиги 13,3 км ва унда 45 дона гидротехник иншоот мавжуд. Лойи­ҳавий сув ўтказиш қобилияти 4,0 м3/сек. Каналнинг сув олиш манбаси “Кегейли” канали бўлиб, унга боғланган майдон 4 минг 136 гектарни ташкил этади.

Канал узоқ йиллар мобайнида хизмат кўрсатиб келаётгани боис лойиҳавий параметлари ўзгарган, сув ўтказиш қобилияти пасайиб, фильтирация кўрсатгичлари ошган. Каналнинг сув тўсувчи ва сув олиш иншоотларининг дарвозалари каррозияга учраган бўлиб, дарвоза ёпилган ҳолатда ҳам иншоотдан сув оқиб туради. Ушбу салбий ҳолатлар йилига ўртача 2,5 млн.м3 ҳажмдаги сувнинг исроф бўлишига сабаб бўлмоқда.

Каналнинг 13,3 км қисмида реконструкция ишларини амалга оширилиши натижасида унинг фойдали иш коэффициенти 0,90 гача етказилади ҳамда 16 та фермер хўжалиги ва 4 минг 355 нафардан ортиқ аҳоли томорқаларининг 4 минг 136 гектар экин майдонида сув таъминоти яхшиланади. ­Йилига 2,5 млн.м3 ҳажмдаги сувнинг фильтрация ҳисобига ҳамда гидротехник иншоотларнинг талабга жавоб бермаслиги оқибатида йўқотилиши олди олиниб, экин далаларига кафолатли сув етказилиши таъминланади.

Бугунги кунда объектда 2,250 км узунликда бетон қуйишга тайёргарлик ишлари амалга оширилиб, шундан 1.09 км узунликда бетон ётқизиш ишлари олиб борилди. Объектда 6 дона экскаватор ва 6 та бошқа техника мавжуд.

Бундан ташқари, Шуманай туманидаги “Ак жап”  хўжаликлараро каналини 8 км узунликда бетонлаштириш ишларига 16 миллиард сўм маблағ ажратилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2025 йил 12 ноябрдаги мажлис баёни асосида “To‘rtko‘lli Nuratdin Ekskavatorchi” масъулияти чекланган жамияти бош пудратчи этиб тайинланган.  Канал 1947 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган. Умумий узунлиги 8 км, лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти 5,0 мЗ/с, сув олиш манбаси Шуманай канали  ҳисобланади. У 4 минг 937 гектар суғориладиган ер майдонига хизмат кўрсатади. Каналда 39 дона сув тарқатиш иншооти, 3 дона сув тўсувчи иншоот мавжуд.

“Ақ жап” канали узоқ йиллар мобайнида хизмат кўрсатиш натижасида лойиҳавий параметлари ўзгарган, сув ўтказиш қобилияти пасайиб, фильтирация кўрсатгичи ошган. Каналдаги салбий ҳолатлар натижасида йилига ўртача 3,7 млн.м3 ҳажмдаги сув исроф бўлмоқда.

Канал бетонлаштирилгандан кейин сувнинг тезлиги ошиб, йилига 3,7 млн.м3 ҳажмдаги сувнинг фильтризация ҳисобига йўқотилиши олди олинибгина қолмай “Ақ жап” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги фермер хўжаликлари хамда аҳолининг 4 минг 937 гектар майдони кафолатли сув билан таъминланишига эришилади.

Бугунги кунда объектда 4,7 км узунликда бетон қуйишга тайёргарлик ишлари амалга оширилиб, шундан 1,39 км узунликда бетон ётқизилди.Ушбу ишларда 7 дона экскаватор ва 5 та бошқа техника 24 нафар ишчи ходим меҳнат қилмоқда.

Д.Абибуллаев,

М.Ҳабибуллаев олган сурат.