Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес раиси Аманбай Орынбаев Нукус шаҳрида ўз ташаббуслари ва стартап лойиҳалари билан фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ёшлар билан учрашди.
Жўқорғи Кенгес раиси дастлаб давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан ёшларга яратилган имкониятлар ҳақида кенг маълумот берди. Шу билан бирга, бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, юксак натижаларга эришаётган ёшлар сони ортиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Таъкидланганидек, яқинда Кўксарой қароргоҳида Президентимизнинг ёшлар билан мулоқотида мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлиши белгиланди. Шу куни соҳага масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб ва техникумларга бориб, ёшларни эшитади ва муаммосини ҳал қилади. Жумладан, барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаши, бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслиги зарурлиги қайд этилди. Учрашув давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини йўлга қўйиш, ўз ғояларини рўёбга чиқариши учун давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган имкониятлар ва алоҳида имтиёзлар ҳақида мутасаддилар томонидан маълумот берилди. Ўз навбатида, ёшлар Президентимизнинг бундай юксак ишончи ва ёшларга кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги учун ўзларининг чуқур миннатдорлигини билдирди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда ёшлар томонидан бир қатор муҳим ташаббуслар билдирилди. Улар томонидан билдирилган ҳар бир таклиф эътиборга олиниб, ушбу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқ берилди. Д.Абибуллаев.



