ЁШЛАР – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ КУЧИДИР


Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати сўнгги йилларда мутлақо янги мазмун ва сифат босқичига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан ўтказган очиқ ва самимий мулоқоти бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Учрашувда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, инновацион ғоя­ларини рағбатлантириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу эса ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасидаги энг муҳим йўналишлардан бири эканини яна бир бор намоён этди.

Бугунги глобаллашув ва рақамли трансформация шароитида ҳар бир давлатнинг тараққиёти, аввало, инсон капиталига боғлиқ. Замонавий билим, хорижий тиллар, ахборот технологиялари ва рақамли кўникмаларни пухта эгаллаган ёшларгина меҳнат бозорида рақобатбардош бўла олади. Шу боис юртимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, илмий ва амалий фаолият билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар айнан ҳар бир ёшнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, муносиб даромад манбаига эга бўлиши ва жамият тараққиётига ҳисса ­қўшишига қаратилгани билан аҳамият­лидир.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ҳам мазкур вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда 13 мингдан зиёд талаба таҳсил олаётган институтда таълим сифатини ошириш, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ва талабаларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш асосий мақсад сифатида белгиланган. Хусусан, хорижий тиллар, ахборот технологиялари, рақамли саводхонлик ҳамда замонавий касбларга йўналтирилган қўшимча курслар ташкил этилган бўлиб, мазкур  курс­лар талабаларнинг билим доирасини кенгайтириш билан бирга, уларни меҳнат бозори талабларига мос мутахассис сифатида тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Ёшлар тадбиркорлигини ривож­лантириш масаласи ҳам доимий эътибор марказида. Институтда битирувчи босқич  талабаларининг банд­лигини таъминлаш, уларнинг бизнес ташаб­бусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Келажакка қадам» маркази самарали фаолият юритмоқда. Марказ доирасида “Бизнес ғоядан тайёр лойиҳагача” мавзусида ўтказилаётган семинар-тренинглар талабаларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда банк мутахассислари, молия соҳаси экспертлари ва тажрибали тадбиркорлар иштирок этиб, ёшларга бизнес-режа тузиш, лойиҳани молиялаштириш, грант ва кредит маблағларини жалб қилиш механизмлари бўйича амалий маслаҳатлар бермоқда.

Амалий натижалар ҳам салмоқли. Ҳозирга қадар 69 нафар талабага жами 2 миллиард 220 миллион сўмга яқин кредит маблағлари ажратилиб, улар турли соҳаларда ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Ушбу ташаббус­лар орқали янги иш ўринлари яратилмоқда, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ёшларда мустақил фикр­лаш, масъулият ва иқтисодий фаоллик кўникмалари шаклланмоқда.

Шу билан бирга, институтда талабаларнинг илмий салоҳиятини юксалтиришга ҳам катта эътибор қаратилган. Илмий тўгараклар, амалий конференциялар, инновацион ғоялар танловлари мунтазам ўтказилиб келинади. Талабаларнинг илмий ишланмаларини ишлаб чиқариш билан боғлаш, амалиёт базаларини кенгайтириш, менторлик тизимини жорий этиш бўйи­ча ҳам аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

Волонтёрлик ҳаракатлари, экологик ташаббуслар ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ёшларнинг фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутади. Ёш авлоднинг жамият ҳаё­тида фаол иштирок этиши, келажакда масъулиятли, ташаббускор ва ватанпарвар кадрлар камол топишини таъминлайди.

Албатта, ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар уларнинг интилиши, меҳнатсеварлиги ва шижоати билан уйғунлашгандагина юқори самара беради. Ҳар бир талаба ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, билим ва малакасини мунтазам ошириб бориши, янгиликка интилиши зарур. Олий таълим муассасалари жамоаси эса давлат раҳбари белгилаб берган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, ёшларнинг ҳар бир эзгу ташаббусини қўллаб-қувватлаши лозим.

Зеро, Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни – билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар қўлида бўлиб улар тараққиётининг ҳал қилувчи кучидир.

Алишер УББИЕВ,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат  педагогика институти ректори.