АМУДАРЁДА ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТГА ҚАРШИ ҚАТЪИЙ НАЗОРАТ


Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси томонидан рес­публика ҳудудида норуда фойдали қазилмаларни ер қаъридан қазиб олиш билан шуғулланувчи корхоналар фаолияти устидан тизимли ва қатъий назорат ўрнатилган. Ушбу чора-тадбирлар соҳада яширин иқтисодиёт ҳолатларини бартараф этиш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ҳамда давлат бюджетига тушумларни оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур йўналишда Амударё тумани Прокуратураси томонидан ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Таҳлилларга кўра, рес­публика бўйича 234 та корхонага 288 та норуда фойдали қазилмалар кони учун ер майдонлари ажратилган. Шундан Амударё туманида 28 та корхона 33 та карьерда қазиш ишларини олиб бормоқда.
Сўнгги йилларда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш жараёнида товар айланмасини яшириш ёки камайтиб кўрсатиш орқали солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаш ҳолатлари ортиб бораётгани кузатилди. Республика кесимида ўтказилган таҳлиллар 92 та корхонанинг электр энергияси истеъмоли ҳажмидан келиб чиқиб, ҳақиқатда қазиб олинган норуда миқдори 16 миллион куб метрдан ортиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Ушбу ҳажмдан келиб чиқиб, бюджетга тўланиши лозим бўлган 85 миллиард сўмдан ортиқ солиқ яширилгани аниқланган.
Мавжуд ҳолатлар инобатга олиниб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Республика Прокуратураси ташаббуси билан «Q-control» электрон назорат тизими жорий этилди. Ушбу тизим доирасида карьерларга олиб борувчи барча йўлларда, жумладан ички йўлларда ҳам кузатув камералари ўрнатилди. Натижада ҳар бир юк автомашинасининг ҳаракати тўлиқ ҳисобга олиниши йўлга қўйилди.
Электрон назорат тизимининг жорий этилиши қисқа фурсат ичида сезиларли самара берди. Хусусан, товар юк хатларини расмийлаштириш сони кунига 25 тадан 700 тагача ошди. Шунингдек, реализация қилинган кунлик товар айланмаси 1200 куб метрдан 28 минг куб метрга етди. Бу кўрсаткичлар соҳадаги яширин айланмаларни очиқлаштириш ва ҳисоб-китобларни шаффоф­лаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Тизим орқали назорат кучайтирилгани натижасида 604 та ҳолатда юк ташувчи транспорт воситалари давлат рақам белгиларини яшириб ёки умуман рақамсиз ҳаракатлангани аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, тумандаги барча карьерлар ва норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан шуғулланувчи корхоналар тўлиқ хатловдан ўтказилди ҳамда уларнинг рўйхати шакллантирилди. Қазиб олинган иш ҳажми бўйича солиқ ҳисоботларининг ҳаққоний юритилганлигини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси солиқ бошқармасидан мутахассис жалб этилган.
2025 йил декабрь ойи ҳамда жорий йил январь ойида корхоналар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичлари таққосланиб, ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми билан ўзаро солиштирилмоқда. Бу орқали ишлаб чиқариш қуввати ва расмий ҳисоботларда кўрсатилган маълумотлар ўртасидаги тафовутлар аниқланмоқда.
Бундан ташқари, туман экология бўлими томонидан ҳам карьерлар қайта хатловдан ўтказилиб, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш омиллари ўрганилмоқда. Бу эса соҳада фақат иқтисодий эмас, балки экологик назоратни ҳам кучайтириш имконини бермоқда. Ҳозирги вақтда давлат бюджетига ҳисобланмасдан қолган солиқ суммаларини ундириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, яширин иқтисодиёт — давлат томонидан расмий рўйхатга олинмаган, солиқ ва ҳисобот тизимидан четда қолган иқтисодий фаолият турларидир. У қисқа муддатда айрим шахслар учун даромад манбаи бўлиб кўринса-да, узоқ истиқболда жамият ва давлат тараққиётига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Аввало, яширин иқтисодиёт давлат бюджетига тушумларни камайтиради. Солиқлар тўланмаслиги натижасида ижтимоий соҳа — таълим, тиббиёт, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя дастурларини молиялаштириш имкониятлари чекланади. Бу эса аҳоли фаровонлигига бевосита таъсир қилади.
Иккинчидан, у тадбиркорлик муҳитига салбий таъсир кўрсатади. Қонуний иш юритаётган тадбиркор солиқ, ижара, сертификат ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширади. Яширин фаолият юритаётган субъект эса бу харажатлардан қочади ва маҳсулотни арзонроқ нархда таклиф қилиши мумкин. Натижада бозорда ноқонуний устунлик вужуд­га келади, ҳалол рақобат тамойили бузилади.
Шунингдек, яширин иқтисодиёт инвестиция муҳитига ҳам салбий таъсир қилади. Шаффофлик ва ҳуқуқий кафолатлар етишмаган жойда инвесторлар хавфни юқори баҳолайди. Бу эса янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ўсиш суръатларини секинлаштиради.
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси томонидан амалга оширилаётган рақамли назорат тизимлари ва бу борада соҳавий ҳамкорликнинг кучайтирилиши норуда фойдали қазилмалар бозорида қонунийликни таъминлаш, бюджет тушумларини ошириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Амударё тумани Прокуратураси эса мазкур йўналишдаги тизимли фаолияти билан яширин иқтисодиётга қарши курашишда муҳим қадам ташламоқда.
Баҳром МАШАРИПОВ,
Амударё тумани прокурори.