СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИНМОҚДА


Қорақалпоғистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва аҳолига замонавий тиббий хизматларни тақдим этиш бўйича сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар нафақат тиббий муассасаларнинг инфратузилмасини мустаҳкамлаш, балки тиббий хизматлар сифатини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш, ­кадрлар салоҳиятини кучайтириш ва халқаро ҳамкорликни ривож­лантиришга ҳам қаратилган.
2017-2025 йиллар давомида “Бир қадам” тамойили асосида 76 та оилавий шифокорлик пункти, 89 та оилавий поликлиника ва 87 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Шу билан бирга республика ихтисослаштирилган марказлари ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технология­лар жорий этилди. Масалан, 2025 йил давомида эндопротезлашнинг 306, лапароскопик жарроҳликнинг 1706, коронарографиянинг 486 ва юракда артерия коронар шунтлашнинг 314 амалиёти шу ерда ўтказилди. Натижада илгари Тошкент ёки хорижга боришга мажбур бўлган 4500 нафар бемор ўз ҳудудида юқори технологик ёрдам олиш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Қорақалпоғистон Рес­публикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори асосида Нукус шаҳридаги Респуб­лика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғис­тон филиалининг янги биноси бу ҳудудда “нолдан” қурилган илк кўп тармоқли шифохона ҳисобланади. Ушбу марказда шошилинч қабул-диагностика, реанимация, жарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология, кардиология, гинекология, педиатрия, лаборатория ва амалиёт бўлимлари жойлашган. Беморларни касаллик оғирлигига қараб саралаш учун триаж тизими жорий қилинган, замонавий ангиография ва мультиспирал компьютер томографияси ускуналари орқали диагностика тез ва аниқ амалга оширилмоқда. Мисол учун, юрак-қон томир касалликлари билан мурожаат қилган беморлар энди оддий текширишлар билан чекланмайди, уларнинг кўп­лаб мураккаб операциялари шу ерда амалиётга татбиқ этилмоқда.
Шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 944 та тиббиёт бригадалари ташкил этилди. Оилавий шифокорнинг 40 фоиз юкланмаси ўрта тиббиёт ходимлари томонидан бажарилади, муайян касалликлар бўйича даврий профилактик кўриклар ва тиббий скрининг текширувлари амалга оширилмоқда. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилган бўлиб, ушбу марказларда йилига 8515 нафар беморга шошилинч ва малакали ёрдам кўрсатилмоқда.
Замонавий рақамли технология­лар ҳам кенг жорий этилмоқда. Рес­публикадаги 224 та муассасада “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” тизимлари ишга туширилди. “Ягона тиббиёт тизими” орқали беморлар оилавий шифокорларга бириктирилади, онлайн қабулга ёзилиш, патронаж ва профилактик кўриклар амалга оширилади. Шунингдек, тиббий маълумотлар таҳлили ва қайта боғланиш имкониятлари ҳам таъминланди.
Оналар ва болалар саломатлиги соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республикада 6 ёшли болалар ўртасида вирусли гепатит “А”га қарши бепул эмлаш ташкил этилди. Шунинг­дек, Нукус шаҳрида болалар тиббиёт кластери қурилиши режалаштирилган ва Бирлашган Араб Амирликлари томонидан молиялаштирилаётган шифохона қурилиши якунланмоқда. Перинатал марказлар ва туғруқ комплекслари замонавий жиҳозлар билан таъминлангани эса оналар ва болалар учун барча қулайликларни яратади.
Хусусий сектор ҳам соғлиқни сақлаш тизимида фаол иштирок этмоқда. Республикада 382 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда, улар орасида 340 амбулатор ва 42 стационар муассасалар бор. 2025 йилда 24 та хусусий клиника очилди. Шунингдек, баъзи хусусий клиникаларда жарроҳлик хизмати йўлга қўйилган ва тиббий суғурта асосида хизмат кўрсатиш бошланган.
Халқаро ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Ҳиндистоннинг Sharda Hospital клиникаси билан меморандум имзоланди, Жанубий Кореянинг Acryl AI компанияси билан рақамлаштириш лойиҳалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Хитойнинг “Future Smile” фонди ва Қувайтнинг “HOPE” ташкилоти ёрдамида бир қатор инсонпарварлик акциялари ўтказилди, юзлаб болалар ва маҳаллий аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатилди.
Қисқача айтганда, Қорақалпоғис­тон Республикасида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тиббий хизматларнинг сифатини ошириш, аҳолига тиббий ёрдамни янада яқинлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мувофиқ тизимни яратишга қаратилган. Бу ислоҳотлар аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гулзар ДЖУМАГУЛОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати бош мутахассиси.