Нукус шаҳрида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Она уйи” ресурс маркази иш бошлади. Меҳр ва умид маскани сифатида ташкил этилган ушбу марказ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, болаларнинг оила муҳитида тарбияланишини таъминлаш ҳамда оналарни мустақил ҳаётга тайёрлашга хизмат қилади.
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар, айниқса аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Айтиш жоизки, “Она уйи” ресурс марказининг фаолияти Рамазон ойи бошланиши арафасида йўлга қўйилди. Бу эса эзгулик, саховат ва инсонпарварлик ғоялари янада кучайиб бораётган айни паллада эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш ишларига янги суръат бағишлади.
Меҳр ва умид маскани сифатида таърифланаётган мазкур марказни ташкил этишдан асосий мақсад — болаларнинг ижтимоий етимликка тушиб қолишининг олдини олиш, уларнинг оила муҳитида тарбияланишини таъминлаш ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Бугунги кунда “Она уйи” лойиҳаси мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Дастлаб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилган ушбу марказлар кейинчалик Бухоро, Қувасой каби ҳудудларда ҳам очилиб, оғир вазиятга тушиб қолган аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш ишлари йўлга қўйилди. Дастлабки натижаларга кўра, марказлар фаолияти туфайли ўнлаб аёллар қийин ҳаётий вазиятдан чиқишга ёрдам олди, қарийб 60 нафар боланинг она бағридан ажраб қолишининг олди олинди.
— “Она уйи” марказининг асосий мақсади оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналарни қўллаб-қувватлаш ва болаларнинг оила муҳитида тарбияланишини таъминлашдан иборат, – дейди марказ координатори Анжела Умирова. — Бу ерда оналар фарзандлари билан бирга вақтинчалик яшаб, мутахассислар томонидан ҳар томонлама ёрдам олади. Марказда уларга турар жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, тиббий хизмат, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатилади. Шунингдек, оналарни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рамазон ойи бошланиши билан Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ишлари янада фаоллашди. Жумладан, ижтимоий реестр орқали “Давлат таъминотидаги оила” ва “Камбағал оила” тоифасига киритилган хонадонларга бир марталик моддий ёрдамлар ажратилмоқда.
— Рамазон ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 55 минг 306 та оилани қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдамлар берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг ижтимоий тўловлар шўъбаси мудири Нагмет Ганиев. — Бу жараёнда ижтимоий ходимлар аҳолига ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида фаол иштирок этмоқда.
Шунингдек, Хўжайли туманида ҳам Рамазон ойи муносабати билан оғир аҳволда бўлган, жарроҳлик амалиётига муҳтож беморларга махсус тиббий ваучерлар топширилди. Ушбу ваучерлар орқали беморлар ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида зарур тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаниш имкониятига эга бўлмоқда.
Фуқароларнинг миннатдорлик сўзлари бу каби хайрли ишлар жамиятда инсонпарварлик ва ўзаро меҳр-оқибат тамойиллари мустаҳкамланиб бораётганидан далолат бермоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Нукус шаҳрида “Она уйи” ресурс марказининг очилиши ва Рамазон ойи давомида амалга оширилаётган хайрия тадбирлари эҳтиёжманд инсонларга амалий кўмак кўрсатиш билан бирга жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ижтимоий ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса юртимизда “инсон қадри учун” тамойили ҳаётда ўз ифодасини топаётганининг ёрқин намунасидир.
Ғ.Отажонов.



