Аёл зоти азалдан меҳр-оқибат, сабр-тоқат ва нафосат тимсоли сифатида қадрланиб келган. Жамиятда аёлларга бўлган эҳтиром ва эътибор эса маънавий баркамолликнинг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланиб, аёлларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни алоҳида эътироф этилади.
Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши томонидан хотин-қизларга бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Унда турли соҳа вакиллари, фаол ва ташаббускор хотин-қизлар ҳамда касаба уюшма фахрийлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси Улуғбек Жалменов, шунингдек Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Саидмурод Тўхтаев, аппаратнинг меҳнат ҳуқуқ инспектори Жамшид Қадировлар мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, аёл қадрланган жамиятда меҳр-оқибат, барака ва тараққиёт барқарор бўлади.
Тадбир давомида меҳнати ва ташаббускорлиги билан намуна бўлаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари Федерация томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Қарийб 30 йилдан зиёд Нукус транспорт техникумида ўқитувчи сифатида фаолият юритаман. Аёлни қадрлаш – бу, аввало, онага ва оилага бўлган эҳтиром, – деди техникумнинг бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Анжим Жусупова.
Бўзатов туманидан ташриф буюрган Урумхон Тажимуратова ҳам тақдирланганини мамнуният билан тилга олиб, аёлларга бўлган ҳурмат ва эътибор доимо юксак қадрият сифатида эъзозланиб келаётганини таъкидлади. Чимбойлик ўқитувчи Сарвиназ Давекеева эса бундай тадбирлар аёл-қизлар қалбида қувонч уйғотиб, уларни янги ютуқлар сари руҳлантиришини қайд этди.
Фотима АБДУРАИМОВА.



