САЛОМАТЛИКНИ САҚЛАШ – МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА


Шифохона – бу нафақат тиббиёт муассасаси, балки инсон ҳаёти учун кураш кечадиган ­масъулиятли маскан. Бу ерда ҳар бир дақиқа, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир муолажа муҳим аҳамиятга эга.

Республика болалар юқумли касалликлар шифохонасининг катта ёшдаги беморлар бўлими катта ҳамшираси сифатида мен кундалик фаолиятимда нафақат маъмурий ишлар билан шуғулланаман, балки беморларнинг самарали даволаниши учун зарур тартиб ва мувофиқлашувни таъминлашга ҳам ҳаракат қиламан.

Иш кунимиз бўлимдаги ўрта ва кичик тиббиёт ходимларининг фаолиятини ташкил этишдан бошланади. Юқумли касалликлар бўлимида санитария-эпидемиологик режимга қатъий риоя қилиш энг муҳим талаблардан ҳисобланади. Беморлар парвариши, дори-дармонларни ўз вақтида ва тўғри тақсимлаш, шифокорлар томонидан белгиланган муолажаларнинг сифатли бажарилишини назорат қилиш – доимий эътиборимизда. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича йўриқномаларга амал қилиниши ҳам назорат қилинади.

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш жараёни иш фаолиятимизни сезиларли даражада енгиллаштирди. Илгари кўп вақт талаб қилган қоғоз ҳужжатлар ўрнини электрон тизимлар эгалламоқда. Бу орқали беморлар ҳақидаги маълумотларни юритиш, дори воситалари қолдиғини назорат қилиш ва турли ҳисоботларни тайёрлаш анча самарали бўлди. Рақамлаштириш вақтни тежаш билан бирга, тиббий хатоларнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бизнинг жамоа — бир мақсад йўлида бирлашган аҳил жамоа­дир. Катта ҳамшира сифатида ёш кадрларга устозлик қилиш, уларга юқумли касалликлар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатларини ўргатиш, қийин вазиятларда уларни руҳан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Беморларнинг соғайиб кетишини кўриш, уларнинг кўзларидаги миннатдорликни ҳис қилиш– касбимизнинг энг катта ютуғидир.

Шифохонамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, моддий-техник базанинг мус­таҳкамланиши ва тиббиёт ходимлари учун яратилаётган шароитлар фаолиятимиз самарадорлигини янада оширмоқда. Биз учун энг асосий мақсад –  халқ саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш ва тиббий хизмат сифатини янада юксалтиришдир.

Дина ХУДОЙБЕРГЕНОВА,

Республика болалар юқумли касалликлар шифохонасининг катта ҳамшираси.