Жамият тараққиёти, аввало, инсон маънавияти ва билим савияси билан белгиланади. Бу йўлда устоз ва муаллимларнинг меҳнати, айниқса, таълим соҳасида фаолият юритаётган фидойи аёлларнинг хизматлари алоҳида аҳамият касб этади.
Улар илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, оммавий ахборот воситалари, давлат бошқаруви ва бошқа кўплаб соҳаларда самарали фаолият юритиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Шундай фидойи устозлардан бири, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Масс-медиа ва оммавий коммуникациялар кафедраси профессори, филология фанлари доктори Злиха Оразимбетовадир. У ўзининг кўп йиллик илмий ва педагогик фаолияти, бой тажрибаси ҳамда талабаларга бўлган меҳри билан кўпчиликка намуна бўлиб келмоқда.
Злиха Қдирбаевна 1994 йилда Қорақалпоқ давлат университетини муваффақиятли тамомлади. Талабалик йиллариданоқ илмга бўлган қизиқиши ва изланувчанлиги билан ажралиб турган ёш мутахассис кейинчалик журналистика ва матбуот тили соҳасида чуқур тадқиқотлар олиб боришга бел боғлади.
У 2006 йилда “Қорақалпоқ кундалик матбуоти тилининг шаклланиши (1924–1940 йиллар матбуоти материаллари асосида)” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Ушбу илмий ишда Қорақалпоқ миллий матбуоти тилининг шаклланиш жараёнлари, унинг лексик ва услубий хусусиятлари илмий жиҳатдан таҳлил қилинди. Бу тадқиқот журналистика ва тилшунослик соҳасидаги муҳим ишлардан бири сифатида эътироф этилди.
Илмий изланишларини янада чуқурлаштирган олим 2019 йилда “Қорақалпоқ кундалик матбуоти тилининг услубий хусусиятлари” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Мазкур тадқиқот матбуот тилининг ривожланиш босқичлари, услубий имкониятлари ва унинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини ёритишга бағишланган бўлиб, соҳадаги илмий изланишларга салмоқли ҳисса қўшди.
У 2019 йилда доцент, 2025 йилда эса профессор илмий унвонига сазовор бўлди. Бу эса унинг кўп йиллик меҳнати, изчил илмий изланишлари ва педагогик маҳоратининг муносиб эътирофи ҳисобланади.
Шу билан бирга, 2014–2019 йиллар давомида Қорақалпоқ давлат университети журналистика кафедраси мудири сифатида самарали фаолият юритди. Ушбу давр мобайнида кафедрада таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқот ишларини кучайтириш, ёш мутахассисларни тайёрлаш борасида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди.
Тажрибали педагог халқаро илмий анжуманларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳри ҳамда Украинанинг Львов шаҳрида ўтказилган халқаро илмий конференцияларда маърузалари билан қатнашиб, ўз тадқиқот натижаларини халқаро илмий жамоатчиликка тақдим этган. Унинг маърузалари илмий доираларда катта қизиқиш уйғотиб, диплом ва сертификатлар билан тақдирланган.
Олиманинг илмий мероси ҳам сермаҳсул. Бугунги кунга қадар унинг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида 100 га яқин илмий мақола чоп этилган. Шунингдек, 2 та дарслик, 1 та монография, 6 та ўқув қўлланма ва 2 та методик қўлланма нашр этилган. Ушбу илмий ишлар журналистика, матбуот тили ва оммавий коммуникациялар соҳасида таҳсил олаётган талабалар, магистрантлар ҳамда тадқиқотчилар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Злиха Оразимбетова нафақат илм-фан соҳасида, балки ёш кадрларни тайёрлашда ҳам катта меҳнат қилмоқда. Унинг илмий раҳбарлигида 1 нафар PhD ва 1 нафар DSc илмий иши муваффақиятли ҳимоя қилинган. Шунингдек, 30 дан ортиқ магистрлик ва 40 дан ортиқ бакалаврлик ишларига раҳбарлик қилган. Айни пайтда ҳам бир қатор таянч докторантлар ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиб, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Устознинг самарали меҳнати ва фидойилиги муносиб эътироф этилган. Хусусан, 2017 ва 2018 йилларда ўтказилган “Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” танловида инновацион технологиялар ва илмий тадқиқотлар йўналиши бўйича университет босқичи ғолиби бўлган.
Бундай фидойи, билимдон ва меҳрибон устозлар жамият тараққиётида беқиёс аҳамиятга эга. Чунки устоз нафақат билим беради, балки ёшларнинг дунёқарашини шакллантиради, уларни мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар ва маърифатли инсонлар бўлиб камол топишига йўл кўрсатади.
Нилуфар АББАЗОВА,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети,
Журналистика магистранти, 2-босқич талабаси.



