ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН — ИМКОНИЯТ ВА ТАРАҚҚИЁТ САРИ


default

Қорақалпоғистон бугун бой маданий мероси ва замонавий тараққиёт уйғунлашган ҳудуд сифатида жадал ривожланмоқда. Бу ерда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат иқтисодий ўсишни таъминламоқда, балки аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда ҳудудни ривожлантиришга алоҳида ­эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бугунги кунда уларнинг муҳим қисми изчил амалга оширилмоқда. Давлат дастурлари ­доирасида белгилаб берилган вазифалар ҳудуд иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Жумладан, Қорақалпоғис­тон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, ялпи ҳудудий маҳсулотни 8,1 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 8 фоизга ошириш режалаштирилган.

Ҳудудда яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар, айниқса ёшларнинг ютуқлари алоҳида эътиборга молик. Нукус тумани Шортанбай аҳоли пунктидаги тадбиркор Шерзод Ниёзимбетов бунга яққол мисолдир. У 2018 йилда 7 гектар ерда помидор қоқи етиштиришдан иш бошлаган бўлса, бугунги кунда 180 гектар майдонда етиштирилган маҳсулотларни ўз бренди остида Италия ва Францияга экспорт қилмоқда. Илк фаолиятини 15–20 нафар ишчи билан бош­лаган тадбиркор ҳозирда 200 нафардан зиёд аҳолини иш билан таъминлаб, йиллик 700 минг АҚШ долларига яқин даромад олмоқда. Келгусида у консерва ишлаб чиқариш корхонасини барпо этишни режалаштирган.

Ёшларнинг илм-фан ва инновация соҳасидаги фаоллиги ҳам таҳсинга сазовор. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Индира Сатниязова 2023–2025 йилларда математика бўйича республика ва халқаро олимпиадаларда юқори натижаларга эришди. У “Миллий сертификат” имтиҳонида юқори балл тўплаб, “Siberian Math Competition” мусобақасида жамоавий ва якка тартибда кумуш медалларни қўлга киритди.

Талабанинг “Параболик тенгламалар учун компакт ­айирмали схемалар”, “Эгри чизиқли интегралларни Симпсон усули орқали ечиш алгоритми” ҳамда “Grant KarSU дастури маълумотлар базаси” каби илмий ишлари халқаро даражада интеллектуал мулк сифатида рўйхатдан ўтказилган.

— Янги Ўзбекистон ёшлари бугун кўплаб чўққиларни забт этмоқда. Бунинг учун барча шароит яратилган. Энди эса ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш ўз қўлимизда, — дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти сов­риндори Индира Сатниязова.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Кумушой Қизилбае­ва ҳам экологик ва ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. У грант лойиҳалари танловида пластик чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган “EcoKey” лойиҳаси билан иштирок этиб “Энг яхши платформа” йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритди  ва 45 миллион сўм мукофот билан тақдирланди. Шунинг­дек, “Шаффофлик ва адолат” лойи­ҳаси доирасида 3 минг АҚШ доллари миқдорида грант соҳиби бўлди.

Қишлоқ хўжалигида эришилаётган ютуқларда фермер аёлларнинг ҳиссаси ҳам катта. Беруний туманида фаолият юритаётган фермер Венера Ибрагимова 85 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштириш билан бирга интенсив боғ барпо этган. У илк бор техника бошқаришда қийинчиликка дуч келган  эди. Бугун замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини бемалол бошқармоқда.

Фермер гектардан  пахта ва ғалладан юқори ҳосил олмоқда. Боғида эса олма, ўрик, нок ва анор етиштирилмоқда. Шунингдек, 8 гектардан ортиқ майдонда тарвуз етиштириб, мавсумий юқори даромадга эришмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тадбиркорлик ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳудуднинг барқарор ривожланишини таъминламоқда. Бу эса Қорақалпоғистоннинг нафақат бугуни, балки келажаги ҳам порлоқ эканидан далолат беради.

Фотима АБДУРАИМОВА.