Инсон қадри улуғланган юртда ҳар бир фуқаронинг фаровон яшаши, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг қўллаб-қувватланиши давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланади. Халқимиз азалдан маҳалла оқсоқолларининг панд-насиҳатларига, ҳаётий тажрибасига таяниб иш кўрган. Оғир дамларда кексаларнинг дуоси ва йўл-йўриғи билан мушкулини осон қилган. Бугунги кунда бу анъана янгича мазмун касб этиб, тизимли ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётган муҳим ҳужжат бўлди.
Мазкур қарор асосида 2025 йилнинг январь ойидан бошлаб мамлакатимизнинг ҳар бир маҳалласида уч нафардан бой ҳаётий тажрибага эга бўлган фаол нуронийларнинг ҳар бирига бештадан камбағал оила бириктирилди. Бу нафақат моддий ёрдам, балки ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, муҳтож оилаларга руҳий далда бериш ва уларни меҳнат орқали юқори натижаларга йўналтириш демакдир. Ушбу хайрли ташаббус Амударё туманида ҳам кенг қулоч ёйиб, кўплаб хонадонларга қувонч ва қут-барака олиб кирмоқда.
Туманнинг Манғит шаҳридаги Дурунки маҳалласида истиқомат қилувчи Мухтор Ҳайтаков хонадони бир пайтлар камбағал оилалар реестрида эди. Бу оиланинг фаровонлик сари ташлаган илк қадамларида нуроний онахон Омонгул Қаюпованинг хизматлари беқиёс. Масъул сифатида бириктирилган онахон аввало оиланинг ички имкониятларини ўрганди, уларнинг дарду ташвишларига шерик бўлди. Кўрсатилган амалий кўмак натижасида оила бошлиғи ва унинг турмуш ўртоғи доимий иш ўрнига эга бўлди. Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда хонадонда паррандачилик фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу оила нафақат камбағаллик реестридан чиқарилди, балки ўз меҳнати орқали барқарор даромад манбаини яратишга муваффақ бўлди. Нуронийларнинг ҳар бир хонадонга кириб бориши, оила аъзолари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ечишга кўмаклашиши жамиятда жипслик ва меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамламоқда.
Худди шундай ижобий ўзгаришларни Олмазор маҳалласида яшовчи Дилбар Атажанова хонадони мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу оилага маҳалла фаоли Озод Мадраимов масъул қилиб бириктирилган. Унинг тавсияси ва “Маҳалла еттилиги”нинг кўмаги билан оиланинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплаш ва харажатларни камайтириш мақсадида хонадонга қуёш панеллари ўрнатиб берилди. Имтиёзли кредит ажратилди ва чорва моллари сотиб олинди. Ҳозирда хонадонда чорвачилик кенгайтирилиб, рўзғорнинг кам-кўсти тўлдирилмоқда.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ижроси туманда қанчалик самарали кетаётгани гувоҳи бўласиз. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи босқичида 138 нафар нуронийга 668 та оила, иккинчи босқичида эса 144 нафар нуронийга 719 та оила бириктирилди. Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида биргина 2025 йилнинг ўзида жами 664 та оила камбағалликдан чиқарилди.
Боғ маҳалласида яшовчи Азамат Тўраев оиласи ҳам бугун камбағал оилалар реестрида йўқ. Унга масъул Қуролбой Эшчанов оиланинг тадбиркорликка бўлган иштиёқини тўғри йўналтира олди. Кўрсатилган амалий ёрдам ва банкдан олинган кредит эвазига Азамат Тўраев чорва моллари сонини кўпайтиришга эришди. Бу билан чекланмай, кичик ишлаб чиқариш цехини ҳам ташкил этди. Бу эса оиланинг иқтисодий қудратини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилмоқда.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Марҳабо Ҳайтакова оиласига тажрибали нуроний онахон Зулфия Оллаёрова масъул. Бу ерда ҳам тизимли ёндашув ўз самарасини берди: оила кредит маблағлари ҳисобига чорвачиликни кенгайтириб, камбағал оилалар реестридан чиқарилди.
Бугунги кунда Амударё туманида мазкур хайрли ишлар давом эттирилмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида 144 нафар нуронийга 720 та оила бириктирилиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича амалий режалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Оилаларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши, нуронийларнинг томорқадан унумли фойдаланиш ва меҳнат интизоми борасидаги маслаҳатлари камбағалликка қарши курашишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Нуронийлар орқали уларга бириктирилган ҳар бир оилада соғлом маънавий муҳит қарор топиб, оила аъзоларида меҳнатга бўлган иштиёқ ва эртанги кунга ишонч пайдо бўлмоқда. Ушбу тизим натижасида ўз даромадига эга бўлган, яшаш шароитлари яхшиланган юртдошларимиз яратилган имкониятлар ва кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга ўзларининг самимий миннатдорликларини изҳор этмоқдалар.
Зеро, халқ розилиги – ислоҳотларнинг олий мақсади. Нуронийларнинг дуоси ва ёшларнинг шижоати эса фаровон келажак гаровидир.
Бекман АЛЛАБЕРГАНОВ,
“Нуроний” жамғармасининг Амударё туман бўлими раиси.



