Сув хўжалиги соҳасидаги стартаплар кўриб чиқилди


Нукус шаҳридаги “Сувчилар мактаби”да Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасидаги стартап­ларни қўллаб-қувватлашга бағишланган муҳим тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда ирригация ва мелиорация йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрантлар, ёш олимлар ҳамда сув хўжалиги тизими ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Қорақалпоғистон Рес­публикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Уразимбетов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириб, белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида Нукус шаҳридаги “IT Park”нинг стартапларни ривожлантириш бўлими бош менежери Р.Косназаров, “Агробанк” АТБ бўлим бошлиғи Н.Отегенов ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги Қорақалпоғистон минтақавий маркази директори С.Курбанбаев сўзга чиқиб, стартап­ларни ишлаб чиқиш жараёни, шунингдек, сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, мазкур қарорга мувофиқ мамлакатимизда стартапларни ғоя босқичидан тортиб, уларни ишга тушириш ва халқаро бозорга олиб чиқишгача бўлган тўрт босқичли комплекс экотизим жорий этилмоқда. Бу эса, айниқса, сув хўжалиги каби стратегик аҳамиятга эга соҳада инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш учун кенг имкониятлар яратади.

Тадбирда сув хўжалиги йўналишида ўз стартапларини ишлаб чиқаётган ёш олимлар ўз ғоялари бўйича тақдимотлар қилди ва олимлар томонидан мазкур стартап ғоялари, соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, стартап­лар устида иш олиб бораётган ёшларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тизим ташкилотлари бириктирилди.