АЁЛЛАР ВАБОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ — ЭЪТИБОР ВА ҲИМОЯ МАРКАЗИДА


Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мус­таҳкамлаш ҳамда барқарор ижтимоий муҳитни таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги 33-сонли “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур фармоннинг асосий мақсади — аёллар ва болалар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, оилавий зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларини камайтириш, жабрланганларга тезкор ва комплекс ёрдам кўрсатиш тизимини яратишдан иборат.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда амалий ишлар кенг кўламда йўлга қўйилган. Хусусан, Элликқалъа туманида Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда маънавият маркази ҳамкорлигида ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, маҳаллаларда аҳоли билан мунтазам мулоқотлар ўтказилмоқда. Ушбу жараёнда фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш ҳамда эрта турмуш ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таълим муассасаларида ҳам профилактик ишлар тизимли равишда ташкил этилган. Жумладан, 11-умумий ўрта таълим, 23-, 61- ва 66-умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар ва маърифий тадбирлар ўтказилди. Уларда “Зўравонликка йўл қўйилмайди”, “Оила — муқаддас қўрғон”, “Зўравонликсиз бахтли ҳаёт” каби мавзуларда тушунтириш ишлари олиб борилиб, ёшларга ўз ҳуқуқларини билиш, мурожаат қилиш тартиби ҳамда оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва масъулиятнинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, Амиробод, Шарқ юлдузи, Навоий, Тозабоғ, Сарабий ва Қирққиз­обод маҳаллаларида аҳоли билан учрашувлар ташкил этилди. Уларда ҳуқуқий маданиятни ошириш, эрта турмушнинг салбий оқибатлари ҳамда оилавий низоларнинг олдини олиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Айниқса, қиз болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, зўравонликка қарши кураш фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмасдан, жамият онги, маънавияти ва ижтимоий масъулияти билан уйғун ҳолда олиб борилиши лозим.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нафақат давлат сиёсатининг устувор йўналиши, балки жамиятнинг маънавий камолоти ва келажакка бўлган масъулиятидир. Ҳар бир ҳимояланган аёл — бахтли оила, ҳар бир ҳимояланган оила эса барқарор жамият демакдир. Шу боис зўравонликка қарши кураш, эрта турмушнинг олдини олиш ва соғлом муҳитни шакллантириш ҳар биримиздан дахлдорлик ва фаолликни талаб этади. Чунки миллат тақдири — аёл қадри ва бола бахти билан чамбарчас боғлиқ.

Ойша МАТНИЯЗОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси раҳбари.