Беруний туманида пахтачиликда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ерларни сифатли тайёрлаш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Бу эса келгуси ҳосилнинг мустаҳкам пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳманов Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларида бўлиб экиш мавсумининг бориши билан яқиндан танишди ва масъулларга тегишли кўрсатмалар ҳамда тавсиялар берилди.
Беруний туманидаги “Шаббоз” ОФЙ ҳудудида жойлашган “Urazimbetov Nematjon” фермер хўжалигида 95 гектар майдонда шўр ювиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, айниқса шимолий ҳудудларда шўр ювишдан кейин ернинг табиий қуриши камида бир ҳафта вақт талаб этади. Бу эса экиш муддатига таъсир қилиши мумкин. Шу боис ерларни ўз вақтида экишга тайёрлаш ва агротехник тадбирларни тўғри режалаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, ер майдонларини тезкор экишга тайёрлаш, мос навларни кўк плёнка остида экиш каби усуллар ҳосилнинг эрта пишиб етилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Беруний туманидаги “Niyatilla Azizbek” фермер хўжалигида ҳам замонавий технологиялар кенг қўлланилмоқда. Хўжаликда 65 гектар майдонга пахта экилиб, унинг бир қисмида плёнка остида қўшқатор усули жорий этилган. Айниқса, оқ, кўк ва қизил рангли плёнкалар остида чигит экиш тажрибаси амалга оширилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу усул тупроқ намлигини сақлашга ва чигитнинг тез униб чиқишига ёрдам беради.
“N.Otabek” фермер хўжалигида ҳам экиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Ушбу хўжаликда сеялкаларни тўғри созлаш, қатор ораларини меъёрда сақлаш ва агрегатлардан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Бу каби ишлар ҳосилдорликни оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Қишлок хўжалиги вазири ташрифи давомида экиш жараёнларидаги ортиқча харажатлар фермерлар учун қийинчилик туғдираётгани ҳам қайд этди. Шу боис ҳар бир туманда илмий асосланган агротехник ёндашувларни кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Чигит экишдан тортиб, ҳосил йиғим-теримигача бўлган барча жараёнларни илмий асосда ташкил этиш орқали ортиқча сарф-харажатларни камайтириш мумкин.
Умуман олганда, Беруний тумани далаларида олиб борилаётган бундай ишлар замонавий пахтачилик маданияти шаклланаётганидан далолат беради. Инновацион технологиялар ва илмий ёндашувлар эса юқори ҳосилга эришишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Картошка экиш ишлари давом этмоқда
Қонликўл тумани Олтинкўл ОФЙ «Қонликўл картошка» фермер хўжалигида картошка экиш ишлари юқори агротехник талаблар асосида давом этмоқда.
Бунда ер майдонлари олдиндан чуқур ҳайдалган, тупроқ юмшатилиб, минерал ва органик ўғитлар билан бойитилган. Картошка уруғлари белгиланган меъёрларда қатор оралари сақланган ҳолда экилмоқда. Шунингдек, намликни сақлаш ва юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида замонавий экиш агрегати ёрдамида амалга оширилмоқда.
Туман ҳокими Б.Султонов ва республикадан бириктирилган вакиллар фермер хўжалигида бўлиб, бажарилган ишлар кўламини кўздан кечирди. Экиш ишларини янада сифатли ва агротехник тадбирларга қатъий риоя қилиш, уруғ ва ўғитлардан самарали фойдаланиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Бу ишлар ҳудудда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, картошка етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шарафатдин АБДРАХМАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби.



