Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши ташаббуси билан Беруний туманида касаба уюшмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, тизим самарадорлигини ошириш ҳамда ходимлар билан ишлаш маданиятини юксалтиришга қаратилган ўқув-семинар ташкил этилди. Мазкур тадбир турли соҳаларда фаолият юритувчи ташкилот ва муассасалардан 164 нафар масъул ходим ва касаба уюшмалари вакилларини бир жойга жамлади.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад — жойларда касаба уюшмалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, шунингдек, меҳнат муносабатлари соҳасида юзага келаётган масалаларга самарали ечим топиш бўйича амалий кўникмаларни оширишдан иборат бўлди.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашининг ташкилий масалалар бўйича бўлими мудири Гулнора Илмурадова сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, меҳнат қонунчилигидаги сўнгги янгиликлар ва уларнинг амалдаги аҳамияти хусусида батафсил маълумот берди.
Тадбир давомида касаба уюшмалари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, ишчи-ходимларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳужжат айланишини оптималлаштириш ҳамда ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш каби йўналишларда фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларининг амалий тажрибалари билан ўртоқлашиб, тизимда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари сурдилар.
Шунингдек, семинар доирасида очиқ мулоқот муҳити шакллантирилиб, иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ташкил этилди.
Тадбирнинг муҳим қисми сайёр қабул ташкил этилганидир. Унда ташкилот раҳбарлари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда ишчи-ходимлар ўзларини қийнаётган муаммо ва масалалар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлдилар. Мутахассислар томонидан ҳар бир мурожаат диққат билан ўрганилиб, бир қатор масалалар жойида ҳал этилди. Айрим мурожаатлар бўйича эса ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий тавсиялар берилди.
Умуман олганда, мазкур тадбир касаба уюшмалари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда тизим самарадорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилди.
Фотима ҚАЛАНДАРОВА.



