МАҲАЛЛАЛАРДА ИҚТИСОДИЙ ФАОЛЛИКНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМ


Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон манфаати, унинг фаровон ҳаёти ва барқарор даромад манбалари турибди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг  2026 йил 13 мартдаги 329-сонли фармойиши асосида маҳалла тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.

Мазкур ташаббус доирасида Бизнесни ривожлантириш банки АТБ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан Нукус шаҳри ва Беруний, Чимбой туманларида маҳаллабай ишлаш тизими мутахассислари — маҳалла банк ходимлари ва агентлари учун иқтисодий билимларни мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-тренинглар юқори савияда ташкил этилди.

Ушбу ўқув машғулотлари нафақат назарий билимларни бойитиш, балки амалий кўникмаларни шакллантиришга ҳам қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бугунги тезкор ва рақобатбардош иқтисодий муҳитда ҳар бир мутахассисдан замонавий ёндашувлар, инновацион ғоялар ва самарали иш услубларини чуқур ўзлаштириши талаб этилмоқда.

Семинарлар давомида иштирокчиларга аҳоли бандлигини таъминлашнинг замонавий механизмлари, барқарор даромад манбаларини шакллантириш усуллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг ташаб­бусларини қўллаб-қувватлаш масалалари кенг муҳокама марказида бўлди.

Айниқса, машғулотларнинг амалий кейслар, интерактив мулоқотлар ва жонли мунозаралар асосида ташкил этилаётгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотади. Бу эса уларга реал ҳаётда учрайдиган муаммоларга ечим топиш, янги ғоя­ларни шакллантириш ва ўзаро тажриба алмашиш имконини яратади.

Эътиборлиси, ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик руҳини кучайтириш, аҳолининг ўз кучига бўлган ишончини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда бу каби тадбирлар самарали омил бўлиб хизмат қилади.

Зулфия ЧИМБАЕВА,

Бизнесни ривожлантириш банки АТБ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъул ходими.