ДАВЛАТ ТИЛИ — МИЛЛАТ КЎЗГУСИ: УНИ ЎҚИТИШДА ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВЛАР ВА ДОЛЗАРБ МУАММОЛАР


Бугунги кунда давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Зеро, тил — миллатнинг нафақат мулоқот воситаси, балки унинг тарихи, маданияти ва маънавиятини акс эттирувчи бебаҳо бойликдир. Шу боис давлат тилига бўлган эътибор — миллат келажагига бўлган эътибордир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат тилини ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу жараён айниқса таълим тизимида яққол намоён бўлмоқда. Чунки ёш авлодга тил ўргатиш — келажакни барпо этиш демакдир. Хусусан, таълим қорақалпоқ тилида олиб бориладиган гуруҳларда ўзбек тилини ўқитиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу нафақат тил ўргатиш, балки турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Замонавий дарс кечаги анъанавий дарсдан тубдан фарқ қилади. Илгари асосий эътибор грамматик қоидаларни ўзлаштиришга қаратилган бўлса, бугун ўқувчининг нутқий фаоллиги, мустақил фикрлаши ва эркин мулоқотга кириша олиши биринчи ўринга чиқмоқда. Энди ўқувчи фақат тингловчи эмас, балки таълим жараёнининг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Бу мақсадга эришишда замонавий методлар муҳим ўрин тутади. Интерфаол усуллар, таълимий ўйинлар, баҳс-мунозаралар ва ижодий топшириқлар ўқувчиларни фикрлашга, изланишга ундайди. Бундай дарсларда ҳар бир ўқувчи ўз фикрини эркин баён этиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш дарс сифатини оширади. Мультимедиа воситалари, аудио ва видео материаллар ўқувчиларда тилга бўлган қизиқишни кучайтиради, дарсларни янада мазмунли ва жозибадор қилади. Албатта, ҳар қандай янгилик мақсадли ва тўғри қўлланилганда самара беради. Усулларни режасиз қўллаш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Шу боис ҳар бир дарс аниқ мақсад асосида пухта режалаштирилиши зарур. Яна бир муҳим жиҳат — ўқувчининг шахсий хусусиятларини ҳисобга олишдир. Ҳар бир боланинг қобилияти ва қизиқиши турлича бўлгани учун дарс жараёнида уларнинг барчасини фаол иштирок эттириш ва рағбатлантириш муҳимдир. Хулоса қилиб айтганда, давлат тилини замонавий ёндашувлар асосида ўқитиш бугунги куннинг долзарб талабидир. Бу орқали нафақат таълим сифати ошади, балки ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал салоҳияти ҳам юксалади. Зеро, тил бор экан — миллат бор, миллат бор экан — келажак бор. Қумар МАМБЕТНАЗАРОВА, Нукус шаҳар 2-сонли касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси.