Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни диверсификация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишда хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарор ва дастурларда хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, қишлоқ жойларда хизматлар кўламини кенгайтириш, рақамли технологияларни жорий этиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, молиявий хизматларни оммалаштириш ҳамда инновацион хизмат турларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам хизматлар соҳасини ривожлантириш, аҳолига замонавий ва сифатли хизматлар кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса иқтисодиёт тармоқларида ижобий натижаларни таъминлаб, хизматлар ҳажмининг йил сайин ортишига хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 3 ойи ҳолатига кўра хизматлар ҳажми 9 трлн 313,1 млрд сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 116,6 фоизга ошган бўлиб, соҳада барқарор ўсиш суръатлари сақланаётганини кўрсатади. Хизматлар соҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Жами хизматлар ҳажмида уларнинг улуши 71,2 фоизни ташкил этди. Бу эса хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш ва бозор муносабатларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир. Хизматлар таркиби таҳлил қилинганда, энг катта улуш савдо хизматлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу соҳада 2 трлн 349,4 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилган бўлиб, унинг жами хизматлардаги улуши 25,2 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич ички бозорда товар айирбошлаш ҳажми кенгайиб, савдо инфратузилмаси ривожланаётганини англатади. Яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида ҳам юқори ўсиш кузатилди. Мазкур соҳада 2 трлн 333,9 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилиб, жами хизматлардаги улуши 25,1 фоизга етди. Бу эса аҳоли даромадларининг ўсиши, туризм ва меҳмонхона бизнесининг ривожланиши, умумий овқатланиш шохобчалари сонининг кўпайиши билан изоҳланади. Транспорт хизматлари ҳажми 1 трлн 475,7 млрд сўмни ташкил этиб, жами хизматлардаги улуши 15,8 фоизга тенг бўлди. Юк ва йўловчи ташиш хизматларининг кенгайиши, логистика инфратузилмасининг такомиллашуви ва транспорт коммуникацияларининг яхшиланиши мазкур соҳадаги ўсишнинг асосий омиллари ҳисобланади. Молиявий хизматлар соҳасида ҳам юқори натижалар қайд этилди. 2026 йилнинг дастлабки уч ойида молиявий хизматлар ҳажми 1 трлн 143,9 млрд сўмни ташкил қилиб, жами хизматлардаги улуши 12,3 фоиз бўлди. Банк хизматлари, электрон тўлов тизимлари, онлайн молиявий операциялар ва кредитлаш хизматларининг кенгайиши аҳоли ва тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратмоқда. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари соҳасида 361,3 млрд сўмлик хизматлар кўрсатилиб, унинг улуши 3,9 фоизни ташкил қилди. Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши, интернет хизматларининг оммалашиши, мобил алоқа ва ахборот тизимларининг такомиллашиши бу соҳадаги ўсишни таъминламоқда. Шунингдек, таълим соҳасидаги хизматлар ҳажми 328,8 млрд сўмни ташкил этди. Таълим хизматларининг ривожланиши аҳолининг билим ва малакасини ошириш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шахсий хизматлар ва компьютерларни таъмирлаш хизматлари ҳам аҳолига қулайлик яратиш, сервис маданиятини ошириш ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш мақсадида қатор муҳим вазифалар амалга оширилмоқда. Жумладан, қишлоқ жойларда хизматлар инфратузилмасини кенгайтириш, шунингдек, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, электрон давлат хизматларини оммалаштириш, логистика ва транспорт хизматлари сифатини ошириш, инновацион ва юқори технологияли хизмат турларини, ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби қатор хизматлар соҳасида янги иш ўринлари яратиш каби вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар соҳасининг барқарор ривожланиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришларнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Хизматлар ҳажмининг ўсиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг юқорилиги, рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши соҳада катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Айниқса, савдо, транспорт, молия, ахборот-коммуникация ва туризм хизматларининг кенгайиши аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Келгусида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, инновацион хизмат турларини кенгайтириш, хизматлар сифатини янада яхшилаш ва рақобат муҳитини кучайтириш орқали хизматлар соҳасининг иқтисодиётдаги улуши янада ортиши кутилмоқда. Бахтияр ТАЖИБЕКОВ, Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси Хизматлар ва савдо статистикаси бўлими бошлиғи.



