ТАЪЛИМДАГИ ЮТУҚЛАР — КЕЛАЖАККА МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР


Мана, жорий ўқув йили ҳам якунига етиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишларга назар ташласак, Қорақалпоғистон Республикаси таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бераётганига яна бир бор гувоҳ бўламиз.

Айниқса, фан олимпиадалари, халқаро майдонларда қўлга киритилган ютуқлар, муддатидан олдин талаба бўлаётган ёшлар сонининг ортаётгани таълимдаги ютуқлар — келажакка мустаҳкам пойдевор эканини яна бир бор тасдиқламоқда.

Фан олимпиадалари бўйича қўлга киритилган натижалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, якунига етаётган 2025-2026-ўқув йилида асосий олимпиаданинг IV респуб­лика босқичига Қорақалпоғистон Респуб­ликасидан 16 фан йўналиши бўйича жами 60 нафар ўқувчи иштирок этди. Улардан 48 нафари умумтаълим мактабларидан, 12 нафари эса 10-сонли «Нурли макон» ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиларидир.

Натижалар хусусида сўз борганда Қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан Чимбой тумани 14-мактаб ўқувчиси Жансая Олжабаева 1-ўринни, НДПИ қошидаги академик лицей ўқувчиси Жасмина Аллабаева 2-ўринни, Қўнғирот тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Нилуфар Уракбаева 3-ўринни эгаллади. Информатика ва ахборот технологиялари фанидан Нукус шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Тимур Қодирбергенов 1-ўринни қўлга киритди.

География фанидан Қўнғирот тумани 41-мактаб ўқувчиси Фаризат Ўсербаева 2-ўринни, давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Диёрбек Нуриллаев 2-ўринни эгаллади.

Шунингдек, қозоқ тили фанидан Тахтакўпир тумани 5-сонли мактаб ўқувчиси Осиё Жарилқасинова ва инглиз тили фанидан Нукус шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Садулла Ризаевлар 3-ўринларни қўлга киритди.

Шу тариқа, Қорақалпоғистон Рес­публикаси 8 та фахрли ўрин билан республика бўйича Тошкент шаҳридан кейин 2-ўринни эгаллади.

Ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг 8-12 апрель кунлари Туркманистон Рес­публикасининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган III Халқаро математика олимпиадасида Хўжайли тумани 26-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мелс Сатимов Ўзбекис­тон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, кумуш медални қўлга киритди.

Шунингдек, 2026 йилнинг 12-18 май кунлари Италияда ўтказилган Европа қизлар информатика олимпиадасида Нукус шаҳри 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси Малика  Хожамуратова бронза медали билан тақдирланди. 17 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё – Тинч океани минтақаси информатика олимпиадасида (АПИО-2026) эса Нукус шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Тимур Қодирбергенов бронза медални қўлга киритди.

Ҳозирги кунда ҳам халқаро олимпиадалар учун Ўзбекистон терма жамоасига иқтидорли ўқувчиларни саралаш босқичлари давом этмоқда.

Жорий ўқув йили мактаб битирувчиларининг кўпчилиги муддатидан олдин талаба бўлишга эришгани қувонарлидир.

Республика бўйича жами 360 минг 697 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Улардан 27 минг 609 нафари мактаб битирувчисидир.

Битирувчилар орасида 338 нафар ўқувчи олтин, 98 нафар ўқувчи кумуш медаль билан тақдирланди. Шунингдек, 375 нафар ўқувчи муддатидан олдин олий ўқув юртларига талаба бўлиб қабул қилинди.

Уларнинг аксарияти юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Албатта эришилган ютуқлар замирида имконият ва шароитларнинг ўрни беқиёс.

2026 йилги Инвестиция дастури доирасида таълим муассасалари инфратузилмасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда жами 31 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадлар учун 249,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Мазкур лойиҳалар доирасида 22 та мактабда қўшимча 4024 ўқув ўрни яратилиши, 8 та мактабгача таълим ташкилотида 585 та янги ўрни очилиши режалаштирилган. Бу ишлар таълим муассасаларида замонавий ва қулай шарт-шароитларни яратиш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун мустаҳкам инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилади.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилди. «Ватанпарварлар», «Ёш гвардиячилар», «Ёш чегарачилар», «Ёш қутқарувчи» каби ҳарбий-спорт мусобақаларининг барча босқичлари ўтказилиб, уларга 8 минг нафарга яқин ўқувчи жалб этилди.

Жами 735 та мактабда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги 1860 та «Mardlik darslari», 1240 та «Менинг армиям — менинг фахрим» мавзусидаги давра суҳбатлари ҳамда 920 та учрашув ташкил этилди.

1150 та ҳарбий-спорт мусобақаларида 84 мингдан зиёд ўқувчи иштирок этди. «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида 8700 нафар ўқувчи ҳарбий қисмларга саёҳат қилди.

Натижада, Кегейли тумани 41-сонли мактаб жамоаси «Ватанпарварлар» мусобақасининг республика босқичида 1-ўринни, Тўрткўл тумани 18-сонли мактаб жамоаси эса «Ёш гвардиячи» мусобақасида 1-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, ўқувчи қизлар ўртасида футбол бўйича «Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги» республика босқичида Бўзатов тумани 10-сонли мактаб қизлари 2-ўринни эгаллаб, «Дамас» автомашинаси 200 миллион сўм пул мукофоти ва мактабга спорт майдончаси қурилиши учун ваучерни ютиб олди.

«Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш» иншолар танловининг республика босқичида Нукус тумани 1-сонли мактаб ўқувчиси Нуржамол Реимбаева 1-ўринни эгаллаб, ноутбук билан тақдирланди.

Экологик ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида ўтказилган «Экологияга оид қонунларни биласизми?» танловида Шуманай тумани 15-сонли мактаб ўқувчилари республика бўйича мутлақ ғолиб бўлди.

«Солиқ билимлари — ёш авлодга» кўрик-танловида ҳам ўқувчиларимиз фахрли ўринларни қўлга киритди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жорий ўқув йили Қорақалпоғис­тон таълим тизими учун юксак натижалар, халқаро эътирофлар ва кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан ёдда қоладиган йил бўлди. Энг муҳими, ёшларнинг билим олишга, илм-фанга, спортга, технологияларга ва ватанпарварликка бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани таълим соҳасида амалга оширилаёт­ган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Аманжол Аяпов,

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири.