ЭЛ РИЗҚИНИ ЯРАТАЁТГАНЛАР ҲИМОЯДА


Қишлоқ хўжалиги соҳаси нафақат иқтисодиётимизнинг таянчи, балки мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигининг бош кафолатидир. Шу боис, аграр тармоқда меҳнат қилаётган ҳар бир ишчи-ходим, фермер ва томорқа ер эгасининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш — давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси тармоқ тизими томонидан ходимларни аъзоликка жалб қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ­Ш.Мирзиёевнинг 2025 йил 17 октябрда касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашуви соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди.

Таъкидлаш жоизки, устувор вазифалар изчиллигининг мантиқий давоми сифатида, жорий йилдаги режалар “2026 йил — Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили давлат дастурида ҳам ўз аксини топди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида маҳаллий ҳокимликлар билан яқин ижтимоий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Олиб борилган тарғибот ва ташкилий ишлар натижасида, жорий йилнинг февраль-март ойларида тармоқ тизимидаги фаолият юритаётган 3 507 та фермер хўжалиги қамраб олинди. Ушбу хўжалик­ларда меҳнат қилаётган 12 521 нафар ишчи-ходимнинг истак ва хоҳишлари ўрганилиб, янгидан 103 та ҳудудий бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ташкил этилди. Бу кўрсаткич минглаб дала меҳнаткашларининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини касаба уюшмалари орқали ҳимоя қилишга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.

Янги ташкил этилган 103 та ҳудудий фермер хўжаликлари бош­ланғич касаба уюшма ташкилотларида иш тизимини тўғри йўлга қўйишнинг ҳуқуқий пойдевори яратилди. Хусусан, уларнинг барчасида жамоа шартномалари қабул қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда экспертизадан ва рўйхатдан ўтказилди. Шартномаларни тузишда қуруқ расмиятчиликдан бутунлай воз кечилиб, қонунда кўрсатилган ҳар бир бўлим — меҳнатга ҳақ тўлаш, дам олиш вақти ва ижтимоий имтиёзлар фермер хўжалиги ишчилари билан бевосита дала бошида, очиқ мулоқот шаклида муҳокама қилинди. Иш берувчилар ва касаба уюшмаси ўртасидаги ўзаро мақбул келишувлардан сўнггина ушбу ҳужжатлар тасдиқланди.

Ҳозирги кунда янги ташкил этилган бошланғич ташкилотларда шартномаларда белгиланган бандлар ижросини таъминлаш босқичи жадаллик билан олиб борилмоқда. Айни пайтда ишчи-ходимлар ва уларнинг фарзандларини тизимли равишда соғломлаштириш, сиҳатгоҳларга йўлланмалар ажратиш, дала меҳнаткашларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақаларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шунингдек, дала шароитида ишлаётган ходимлар учун муносиб шароитлар яратиш, уларни махсус кийим-бош ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш орқали меҳнат муҳофазасини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.

Биз, касаба уюшмалари, қиш­лоқ хўжалигида меҳнат қилаётган ҳар бир инсонни ­қадрлаймиз. У хоҳ раҳбар ходим бўлсин, хоҳ механизатор, сувчи, чорвадор ёки оддий ишчи — уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосий бурчимиздир. Ишчиларимизнинг, уларнинг ота-­оналари ва фарзандларининг соғлиғини тиклаш ва ҳимоя қилишда қанчалик фаол ва ҳамжиҳат бўлсак, Янги Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва юртимиз фаровонлигини юксалтиришга шунчалик катта ҳисса қўшган бўламиз.

Ерғали  СЕИТНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташкилотчиси.