Халқимизда “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак” деган ҳикмат бор. Дарҳақиқат, инсоннинг эл-юрт манфаати йўлида қилган эзгу амаллари нафақат одамлар қалбига илиқлик бахш этади, балки жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлайди.
Айниқса, камтаринлик билан хайр-саховат ишларини амалга ошираётган инсонлар орамизда кўплиги қувонарли. Улар ўзлари ҳақида жар солишни истамасалар-да, халқ манфаати учун қилинган бундай эзгу ишлар элга ибрат бўлиши шубҳасиз.
Биз сўз юритмоқчи бўлган инсон ана шундай савобталаб, бағрикенг юртдошларимиздан бири тадбиркор, “AIDA-S” оилавий корхонаси директори Улуғбек Бобожоновдир.
Аввало, унинг тарбияси ва ҳаёт йўлида муҳим ўрин тутган отаси — Рустам Бобожонов ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Эл ичида ҳурмат қозонган ушбу инсон умри давомида ҳалол меҳнати, одамгарчилиги ва саховати билан кўпчиликка намуна бўлиб яшади. Қўни-қўшниларга ёрдам қўлини чўзиш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, ёшларга насиҳат бериш унинг ҳаёт тарзига айланган эди.
Рустам Бобожонов турмуш ўртоғи Сара опа Джабборберганова билан биргаликда 8 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Уларнинг барчаси турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Марҳум отанинг “Йўлни бекитма, қўлингдан келгунча савоб ишла, кўприк қуриб бергин” деган насиҳати Улуғбек Бобожоновнинг ҳаёт мазмунига айланган.
Ана шу эзгу васият асосида ҳудуддаги “Байтерек” ва “Муртазабий” маҳаллаларини боғлаб турувчи Тасжап анҳори устидаги кўприкни замонавий қиёфада қайта қуриш ташаббуси амалга оширилди.
Қурилиш ишларига маҳалладаги тажрибали усталар жалб қилиниб, Шуҳрат Собиров раҳбарлигида махсус бригада шакллантирилди. Беҳзод Атамурадов, Давлатбой Аяпов, Байрам Сапаров, Парахат Сарсенбаев, Икрам ва Саламат Эшоновлар, Бахтиёр Султонов ва Мурат Жумамуратов каби фидойи усталарнинг меҳнати билан қисқа муддатда замонавий ва мустаҳкам кўприк барпо этилди.
Бугун мазкур иншоотдан фойдаланаётган маҳалла аҳли, айниқса, ёшлар ва кексалар бу хайрли ишдан мамнун. Кўприк нафақат икки маҳаллани, балки инсонлар қалбини ҳам яқинлаштирди.
Ушбу савобли ишда маънавий кўмак ва маслаҳатлари билан иштирок этган МФЙ раиси Айбек Тажимуратов, кўча боши Полат Нурлепесов, маҳалла фуқароси Маҳмуд Маткаримов ҳамда бошқа фаолларнинг ҳиссаси ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.
Шунингдек, қурилиш жараёнида керакли материаллар билан узлуксиз таъминлашда “Қурилиш жой” (“Строй дом”) қурилиш материаллари дўкони мудири Улуғбек Алламбергенов ҳам фаол иштирок этди. У ҳам хайрли ташаббусдан четда қолмасдан, ўз ҳиссасини қўшди.
Қурбон ҳайити арафасида амалга оширилган бу эзгу ташаббус халқимизга хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва саховат фазилатларининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Фурқат Утемуратов,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,
“Шуҳрат” медали, “Ватан фидойиси” кўкрак нишони соҳиби.


